Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Пул мукофоти беришса… уни нимага сарфлаш керак?

07.12.2016

Тўғри, пулни қаерга сарфлаш кераклигини ўйлаб топиш муаммо эмас. Ўйлаб ўтиришнинг ҳам умуман олганда кераги йўқдек. Пул “қўлни кири”-да: келаверади-кетаверади. Аммо асосий масала шундаки, кўпчилик ойликдан-ойликкача қабилида кун кўришга ўрганиб қолган. Бу ерда гапни фақат олинадиган маошнинг катта ёки кичиклигига йўйиш хато. Чунки ҳатто каттагина миқдордаги пулни ҳам ой бошида зумда сарфлаб юбориб, кейинги ойликни кутиб ўтирадиганлар орамизда сон мингта. Ахир, рўзғор — ғор, ётиб еганга тоғ чидамас, деган гаплар ўз-ўзидан келиб чиқмаган. Сайёрамизнинг энг бадавлат одамларидан Жон Рокфеллер пулни топиш иккинчи масала, ҳамма гап пулни қандай сарфлашда, деган жумлани кўп такрорлар экан...

Пул мукофоти олишнинг энг ёқимли томони шундаки, сўнгги дақиқаларга қадар уни беришадими ёки йўқми билмайсиз. Кутилмаган маблағни эса ҳеч ким олдиндан кундалик харажатлар учун чамалаб қўймайди. Қуйида кутилмаганда олинган пулларни ўз ўрнида ва самарали сарфлаш усулларини келтириб ўтамиз.

 

1. Оиланинг захира фонди

 

Мутахассисларнинг айтишича, ҳар бир одамнинг ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўядиган “қора кунлар” учун мўлжалланган “оила фонди” бир ойда сарфлайдиган барча пулларининг 6 баробарини ташкил этиши керак экан. Масалан, бир ойда 1 000 000 сўм сарф-харажат қиладиган бўлсангиз, сандиққа яширган пулларингиз миқдори 6 000 000 сўм бўлиши шарт.

 

Ҳамма турлича миқдорда пул мукофоти олади. Кимдир маошининг ярим ёки бир баробарида пул олса, кимдадир ушбу сумма арзимас миқдорда бўлади. Аммо агар ҳали ҳам “оила фонди”ни тузмаган бўлсангиз, пул мукофоти у қанча миқдорда бўлмасин, шундай мақсад йўлидаги биринчи қадам бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қийин аҳволга тушиб қолганингизда бу пуллар жонингизга оро кириши аниқ. Пулларни сўмда ёки валютада сақласангиз ҳам бўлади. 2017 йилда валюта бозорини кутаётган ўзгаришлар ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

2. Қарзни уз — хотиржам бўл

 

Янги йил ҳаётни янгитдан бошлаш учун ажойиб фурсат. Айниқса, қарзи бўлган инсонлар қарздорлик юкидан халос бўлиб, енгил нафас ола бошлашларига тўсатдан келган пул мукофоти ёрдам беради. Пул мукофоти нақд бўлмаса, уни осонгина картадан-картага ўтказиб юбориш имконияти ҳам мавжуд. Картадан-картага пул ўтказмалари ҳақида мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

Фақат бировдан эҳтиёжлар учун олинган қарз ҳақида эмас, буларга электр энергияси, газ каби бошқа тўловлар ҳам кириши мумкин. Гарчи пул мукофоти қарзларни тўлиқ тўлашга етмаган тақдирда ҳам кейин қарздан қутулишингизни анча енгиллаштиради.

 

Келтирилган масалалар бўйича қарзингиз бўлмаса, бирон йирикроқ буюм учун кредит тўлаётган бўлсангиз, унинг ҳам бир қисмини ёки тўлалигича қоплаб қўйсангиз зарар қилмайди.

 

3. Қарзингиз бўлмаса, қарз олинг

 

Агар оила фонди учун жамғариб қўйган пулингиз бор бўлса, қарзингиз умуман бўлмаса, бирор фойдали буюм сотиб олишингиз мумкин. Буюм қимматбаҳо бўлса, мукофот пулингиз камлик қилса, кредитга олишингиз мумкин. Пулни бошланғич тўлов сифатида киритасиз. Экспертларнинг фикрича, кредитга фақат ҳақиқатан ҳам жуда зарур ва арзирли буюмларни олиш керак. Масалан, квартира, машина, маиший техника.

 

Дабдаба ва хашам учун олинадиган ашёларни кредитга олмаган маъқул. Имтиёзли ипотека кредитини кимлар олиши мумкинлиги ҳақида бу ерда, арзон уйларни маҳалладан олиш хусусида эса бу ерда ўқиб, танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Аммо бундай харидлар ойлик харажатларни оширишини доим ёдда тутинг (ойлик тўловдан ташқари, автомобиль учун бензин, таъмирлаш ишлари ва ҳоказо).

 

Яна бир гап: тепадаги биринчи ва иккинчи бандларни бажармай, таъминламай туриб, учинчисига киришмасликни маслаҳат берамиз.

 

4. Таътил вақти энди келди

 

Ҳисоб-китобларни бир четга суриб қўйиб, шунчаки дам олмоқчи бўлганлар саёҳатга отланса бўлади. Олинган бой таассуротларни ҳеч қандай пул билан тенглаштириб бўлмайди. Тўғри бунинг учун мукофот салмоқли бўлиши талаб этилади. Қишдаги таътилни қаерда ўтказиш мумкинлиги, сайёҳлик фирмалари таклифлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

 

5. Сармоя киритиш

 

Агар юқоридаги барча бандлар сизга тааллуқли бўлмаса, табриклаймиз: сиз молиявий барқарорликка эриша олгансиз. “Қора кунлар”га оз-моз пул жамғариб қўйгансиз, кредитларингиз, қарзингиз йўқ, уй-жойингиз, машина ва бошқа зарур буюмларингиз бор. Энди иккиланмасдан инвестициялар ҳақида ўйлаб кўрса бўлади. Масалан, тилла буюмлар сотиб олиш ҳам ўзига хос инвестиция. Ёки акциялар, облигациялар сингари молиявий воситалар сизга қўл келади.

 

6. Осон келган — осон кетар

 

Мутахассисларнинг фикрича, “молиявий хавфсизлик камарини” дабдурустдан эмас, балки доимий равишда, муттасил асосда яратиб, мустаҳкамлаб бориш керак. Энг асосий қоида — олинадиган пулдан анча камини сарфлашга ўзни ўргатиш. Қолгани ўз-ўзидан бўлаверади.

 

Ортиб қолган пулларни эса ўзингизга, билим, малака ва савиянгизни оширишга сарфлашингиз мумкин. Тил ўрганиш, бошқа соҳа бўйича билимлар орттириш, малака ошириш курслари шулар жумласидан.

 

Пойтахтимиздаги бухгалтерия курслари, ўқиш шароитлари ва нархлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

 

Ҳамма ўз пулига ўзи хўжайин. Ҳамманинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари бор. Шундан келиб чиққан ҳолда пулини сарфлайди. Юқоридаги тавсиялар эса нафақат байрамларда бериладиган пул мукофотларига тааллуқли. Улар оилавий бюджетнинг устунларини барпо этишга ҳам кўмак беради, деган умиддамиз.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз