Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ҳар бир туман ва шаҳарда иқтисодий судлар ташкил этилади

22.02.2017

Судьялар олий кенгаши тузилади

 

Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилмоқла. Илгари мавжуд бўлган Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаётган ижро аппарати штат бирлиги Кенгашга ўтказилаётир.

 

Янги тузилган органнинг асосий вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

  • судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш;
  • судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
  • судьяларни касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек судьяларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш;
  • оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш. 

 

Кенгаш раиси Президентнинг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан тайинланади. Ўн бир нафар аъзо Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Президент томонидан Кенгаш аъзоси лавозимидаги даврида судьялик мақоми сақланган ҳолда судьялар орасидан тасдиқланади, тўққиз нафар аъзо эса Президент томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.

 

Доимий асосда ишловчи Кенгаш аъзоларига судьялар учун белгиланган кафолатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва имтиёзлар татбиқ этилади.

 

Бундан ташқари, Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилади.

 

Судьяларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби белгиланди

 

Фармонда судьяларни тайинлаш ва лавозимидан озод этишнинг қуйидаги тартиби белгиланди:

  • Конституциявий суд ва Олий суднинг раислари, раис ўринбосарлари, судьялари - Президентнинг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан; 
  • Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари - Кенгашнинг тақдимномасига биноан Президенти томонидан;
  • ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари Президент билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан. 

 

Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил этилаётир


Республика олий суд инстанциялари ва Мудофаа вазирлиги таклифига биноан 2017 йил 1 июндан эътиборан:

  • Олий суд ва Олий хўжалик судини бирлаштириш йўли билан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилмоқда;  
  • оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилаётир
  • Олий суднинг Ҳарбий ҳайъати тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатини ташкил этилаётир; 
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг 159 та штат бирлиги қисқартирилмоқда ва Ҳарбий суднинг қўриқлаш взводи тугатилмоқда; 
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликларини судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилмоқда; 
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилади.  Бунда хўжалик судларининг амалдаги судьялари ваколат муддати тугагунига қадар Олий суд ва тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг судьялари сифатида ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттирадилар
  • ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилаётир;
  • белгиланган умумий штат бирлиги доирасида судларнинг тузилмаларига судья катта ёрдамчиси, ёрдамчиси лавозимларини киритилмоқда, уларга тегишли равишда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг 10–12 ва 8 разрядлари белгиланади (амалдаги суд мажлиси котиби лавозими тугатилади). 

 

Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилмоқда

 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти бўлинмаларининг 51 та бошқарув ходими штат бирлигини ўтказиш, шунингдек ҳарбий судлари судьялари ҳарбий хизматчи мақомини йўқотганлиги муносабати билан давлат бюджети маблағлари тежалиши ҳисобига 17 та бошқарув ходими штат бирлигини киритиш йўли билан Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилмоқда.

 

Қуйидагилар Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  • суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
  • судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 

 

Шунингдек, ҳужжат билан давлат суд тизимида содир бўлган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда янгитдан ташкил этилган органлар ҳамда судларнинг тузилмалари тасдиқланди ва айрим давлат органларига Фармон қоидаларини кейинчалик амалга ошириш билан боғлиқ топшириқлар берилди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни ва у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.