Вазирлар Маҳкамасининг 8.12.2017 йилдаги 971-сон «2018 йилда цементни ишлаб чиқариш ва сарфлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2018 йил 1 январдан бошлаб монополист корхоналар цементни фақат биржа савдоларида реализация қилишади. Шу тариқа, республика ичидаги истеъмолчиларга келгуси йилда биржа савдолари орқали 8 млн 424 минг тонна цемент сотилади.
Биринчи маротаба савдога қўйилганда реализация қилинмаган ҳажмлар бир ой мобайнида қайта савдога қўйилади ва фақат шундан кейингина тўғридан-тўғри шартномалар бўйича экспортга реализация қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 14.11.2017 йилдаги ПҚ–3386-сон қарори билан келаси йилдан бошлаб юқори ликвидли 27 турдаги маҳсулот фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади. Бироқ биржада сотиб олинган бундай маҳсулотларни қайта сотишга қўйилган тақиқ бекор қилинади.
Маълумот учун. Давлат рақобат қўмитасининг расмий сайтидан олинган маълумотларга кўра, 1.10.2017 йил ҳолатига цементни ишлаб чиқариш товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган 4 та корхона - (монополист корхоналар): «Қизилқумцемент» АЖ, «Қувасойцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ ва «Оҳангаронцемент» АЖ томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 12.12.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.