Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Бизнес-омбудсман: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар амалиёти

07.10.2016

Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда давлат сиёсати устувордир. Хўш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни ким назорат қила олади ҳамда ким тадбиркорлар ҳуқуқига амал қилинишининг ҳуқуқий асосларини тўлиқ хажмда амалга ошира олади?

Давлат олдинга қараб қадам ташлашга шай. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сон Фармони яққол далил. Ушбу ҳужжат бутун мамлакат бўйлаб хусусий ташшаббусларни ривожлантириш ва бизнесни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 

Хорижий давлатларнинг тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, уларда бизнес ҳамжамиятлар ҳуқуқлари ҳимояси учун жавобгар — омбудсманлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. 

 

 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялашга ихтисослашган омбудсманлар ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб Европа, АҚШ, Австралияда фаоллик билан таъсис этила бошланган. Бу эса ўз навбатида корпоратив бошқарувнинг оммавий тус олиши ҳамда миллий иқтисодиётларда бизнес улушининг ортишига олиб келди.

 

Масалан, АҚШда Миллий омбудсман давлат органлари (агентликлар) томонидан кичик бизнес эгаларига нисбатан адолатсизлик қилинганда ёки кераксиз бўлган ҳаракатлар амалга оширилган тақдирда уларга кўмак кўрсатади. Қайта-қайта аудиторлик текширувлари ўтказиш, асоссиз жарималар солиш, федерал агентликлар томонидан таҳдид қилиниши шундай ҳаракатлар қаторига қиради.

 

  Шуниси эътиборга моликки, АҚШдаги омбудсманлар:

 

- ижро органлари томонидан тайинланади ва вазифасидан озод этилади;

 

- қайси идоранинг қошида очилган бўлса, асосан ўша идора томонидан таъминланади;

 

- ижрочи органларга ҳисобот беради ва улар билан чамбарчас мулоқотда фаолият юритади.

 

Бундан ташқари, АҚШдаги бизнес-омбудсманлар қайси идора қошида ташкил этилган бўлса, ўша идоранинг “ички назорати”ни олиб боради. Бу билан идоралар фаолияти холислигини таъминлашнинг қўшимча механизмлари ишлайди ҳамда муайян идоранинг қошида ташкил этилганига қарамасдан, омбудсманнинг ундан мустақиллиги таъминланади.

 

Австралияда кичик бизнес масалалари бўйича комиссарлар, яъни омбудсманлар институти федерал даражада ҳамда тўртта штат (Виктория, Ғарбий Австралия, Янги Жанубий Уэльс, Жанубий Австралия) даражасида фаолият кўрсатади. Комиссарларнинг ҳуқуқий мақоми таҳлили шундан далолат берадики, уларнинг фаолиятига омбудсманларнинг аралаш схемаси хос. Яъни уларда оммавий сектордаги омбудсманларга хос белгилар кўпроқ устун келади. Кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш улар фаолиятининг асосий    мезонидир.

 

Комиссарлар иккита асосий вазифаларни бажаради:

 

I – бир томондан кичик бизнес бошқа томондан тижорат ташкилотлари ва оммавий ҳукумат органлари ўртасидаги тижоратга оид мунозараларнинг альтернатив ҳал этилишини таъминлаш;

 

II – кичик бизнес вакилларига маслаҳатлар бериш ҳамда ҳар икки томон билан телефонда музокаралар олиб бориш йўли орқали мунозарали ҳолатларни ҳал этиш.

 

Комиссарлар ижро этувчи ҳокимият билан чамбарчас алоқада фаолият олиб боради:

 

1. Комиссар лавозими ва мақоми парламент ҳужжатлари асосида таъсис этилади;

 

2. Федерал даражада комиссарларни вазифага тайинлаш ва озод этиш ишлари Австралиянинг генерал-губернатори, штатлар даражасида эса штатларнинг бевосита губернаторлари зиммасидадир;

 

3. Комиссарларнинг алоҳида штати мавжуд бўлиб, улар одатда бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган давлат хизматчиларидан иборат бўлади. Бундан ташқари, улар хизмати учун ҳар икки томондан тўлов ундиради;

 

4. Комиссарлар тегишли вазирлардан кўрсатмалар олади ва уларни бажаришга мажбур. Ўз фаолияти ҳақида маърузани вазирга тақдим этади.

 

Россияда – федерал бизнес-омбудсман этиб, 30 ёшдан ошган, олий маълумотга эга Россия фуқароси тайинланиши мумкин. Унга Федерация кенгаши аъзоси, депутат бўлиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади.

 

Комиссар жамоаси билан биргаликда Ижтимоий палата майдонида фаолият юритади. Марказий аппарат штатида давлат хизматчилари бўлган 35 киши ишлайди.

 

Россиянинг бизнес-омбудсмани махсус ваколатларга эга. Уларнинг асосийлари эса қуйидагилар:

- давлар органлари (прокуратура, Тергов қўмитаси ва суд органлари бундан мустасно) ва муниципалитетларнинг қарорларини бекор қилишни сўраб судга мурожаат этиш;

- тадбиркорлар ва юридик шахслар гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, судга даво аризалари билан мурожаат этиш;

- кучга кирган суд ҳужжатлари ҳукмидан норози бўлиб, арбитраж судларига мурожаат этиш;

- давлат органлари ва муниципалитетлардан зарур маълумотларни олиш;

- махсус рухсат олмасдан “тадбиркорлик моддалари” бўйича айбланувчилар ва судланганлар билан қамоқда ушлаб турилган жойлар ва жиноий жазоларни ўтаётган муассасаларга бориб учрашиш;

- ташкилотларда давлат органлари томонидан уюштириладиган текширувларда қатнашиш;

- тадбиркорлик фаолиятини назорат қилувчи ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритишни сўраб,  РФ Президенти ёки Ҳукуматига таклифлар киритиш.

 

Қонунчиликка мувофиқ вакил шахс тадбиркорларнинг барча мурожаатларини кўриб чиқиши, 13 кун ичида қарор қабул қилиши ҳамда аризанинг ишга тушгани ҳақида тадбиркорни огоҳлантириши ёки асосланган рад жавобини бериши шарт. Ишга тушган аризалар бўйича вакил ариза берувчига 2 ойда 1 мартадан кам бўлмаган муддатда ҳисоботлар бериши керак.

 

Ўзбекистонда:

 

Фармонга кўра, парламент ҳузурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилади. Мазкур вакил институти қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлади:

 

  • тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;
  • тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;
  • қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;
  •  давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

Вакилнинг қонун чиқариш ташаббускорлиги ҳуқуқини бериш ҳам назаримизда фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Умуман олганда, бизнес-омбудсманлар ижрочи органларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)даги хатоликларни бартараф этиш билан бирга  умумий жиҳатдан бизнеснинг ривожланишига ҳисса ҳам қўшади. Уларнинг фаолиятида йўналтирувчи-маслаҳат ҳамда маълумотлар вазифаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, тегишли идоралар томонидан дастурларнинг бажарилишини назорат қилиш вазифаси ҳам уларга юклатилади. Шунингдек, ушбу тузилмалар иқтисодий мунозаларни ҳал этишда давлат механизмига тушадиган оғирликларни ўз бўйнига олади. Айнан шу боисдан ҳам баъзи давлатлар шундай омбудсманларни қўллаб-қувватлайди.

 

Юқорида кўрсатиб ўтилган хорижий тажриба ҳамда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб мамлакат учун энг мақбул моделни танлаб олиш мақсадга мувофиқ. Шундай институт тузиш керакки, бизнес ҳамжамияти билан иш олиб бориш билан бир қаторда у миллий қонунчиликка янгиликлар олиб кира олсин, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишласин ҳамда мамлакатимизда бизнес ривожланишига бефарқ бўлмаганларнинг барчасини ўз фаолиятига жалб эта олсин!

 

Маъруф Усманов

Валюталар курси

2024-04-17
  • USD:12671.84 (+0.00) сум
  • EUR:13468.90 (+0.00) сум
  • RUB:134.64 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16