Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие работы нельзя выполнять по договору аутстаффингаКогда сдаем Отчет по труду (4-mehnat shakli) Конструктор учетной политики на 2025 год: обновлен и готов к работе!

2020 йилги Мурожаатнома: Президентнинг маърузасидан асосий тезислар

28.01.2020

Читать на русском языке

 

Ўзбекистон Президенти 24 январь куни мамлакатимиз Парламентига ҳар йилги мурожаатномаси билан чиқди. Унда нималар ҳақида гапиргани тўғрисида қисқача маълумот берамиз.

 

2019 йил якунлари тўғрисида. Иқтисодиётда позитив ўзгариш кузатилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 млрд долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 37%га етди. Иқтисодий ўсиш 5,6%ни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6%га, экспорт 28%га кўпайди, олтин-валюта захираларимиз 2,2 млрд долларга ортиб, 28,6 млрд долларга етди.

 

Солиқ ислоҳотида ижобий натижаларга эришилмоқда. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди, натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди. ҚҚС ставкаси 20%дан 15%га туширилди, бунинг ҳисобидан солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 трлн сўм қолди, истиқболда эса бу рақам 11 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Ислоҳотларимиз натижасида 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

 

2020 йилги устувор йўналишлар тўғрисида. Улар учта – илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60%га етказиш режалаштирилмоқда. Янги мактаблар, шу жумладан хусусий мактабларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш давом эттирилади. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласи ҳал этилади. Янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилади. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25%га ва келгусида 50-60%га етказиш лозим. Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади, Қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Олий таълимда ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказилади, олий ўқув юртларини ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтказилади, камида 5 та олий таълим муассасаси трансформация қилинади.

 

Илм-фанда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар ва ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади. Келгусида грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтирилади ва тадқиқот йўналишлари кўлами кенгайтирилади.

 

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиниши мўлжалланган. Қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим. «Электрон ҳукумат» тизими танқидий қайта кўриб чиқилади. Пойтахт мисолидаги «IT-парк»лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Яқин кунларда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқиш ишлари якунланади. Ушбу йўналишда ҳукумат ва парламент назорати кучайтирилади.

 

Иқтисодиёт тўғрисида. Асосий вазифалар – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, тармоқларни монополиядан чиқариш, давлат томонидан нархлар белгиланишини тартибга солишни бекор қилиш ва «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш. Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назорат янада кучайтирилади. Чет элдан олинган қарзларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади. Бунинг учун «Давлат молиявий назорати тўғрисида» ва «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунлар ишлаб чиқилади.

 

Банк соҳасидаги ислоҳотлар. Барча банклар бўйича капитал, ресурс базаси ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда трансформация дастури амалга оширилади. Банк секторидаги давлат активлари стратегик инвесторларга реализация қилинади. Маҳаллий банклар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши ва ташқи бозорларда фаол бўлиши лозим. Замонавий банк амалиёти, менежменти ва янги хизматларни жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига малакали мутахассисларни тайинлаш муҳим ҳисобланади. Бунда дастурий таъминотни тубдан янгилаш, янги ахборот тизимини («кредит тарихи») тўлиқ ишга тушириш зарур. Банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйилади.

 

Ташқи савдо соҳасида назорат тизимининг норматив базаси 2020 йилда 3 мингга яқин стандартлар билан тўлдирилади. Шунингдек харидоргир маҳсулотлар турларини аниқлаш, уларга бозор топиш ва сотиш билан шуғулланадиган хусусий трейдинг компаниялари фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳалари тўплами ишлаб чиқилади. Чегараолди туманларида эркин савдо зоналари ташкил этилади. Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш концепцияси ишлаб чиқилади.

 

Бизнес тўғрисида. Рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар сони 2-3 марта қисқартирилади. Жорий йилда бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва сотиб олиниши шартлари ҳақидаги онлайн-харита шакллантирилади. «Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

 

Тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттирилади. Сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади. Божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига (масалан, директор ва бош бухгалтер, таҳр. изоҳи) жиноий уюшма айблови қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби аллақачон умрини ўтаб бўлган тартиблар бекор қилинади.

 

Ижтимоий ислоҳотлар тўғрисида. Турли ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистонда кам таъминланган аҳоли қатламлари улуши 12-15%ни ташкил этади, бу 4-5 млн нафар аҳоли деганидир. Халқаро экспертлар кўмагида Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш ва шу билан бирга, янги иш жойи билан таъминлаш лозим (2020 йилда – 500 мингта). Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорда оширилади. Ижтимоий тўловларни олишда қоғозбозлик ҳолатлари камайтирилади – идоралар «ягона дарча» тамойили бўйича ишлайди ва фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар сони камаяди. Масалан, пенсияни паспорт тақдим этган ҳолда расмийлаштириш мумкин бўлади. Ижтимоий суғурта тўғрисида ва ижтимоий тадбиркорлик асослари тўғрисидаги қонунлар қабул қилинади.

 

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида. Тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартлар жорий этилади. Яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши мақсадга мувофиқдир.

 

Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида мавжуд тафовутларни бартараф этиш учун ички миграцияни эркинлаштириш лозим. Шу муносабат билан 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш лозим.

 

Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери доимий асосда яшаб келаётганлар фуқаролар сингари барча ҳуқуқлардан фойдаланиши лозим. 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилади.

 

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги, туризм, спорт ва экология, давлат секторидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Президентнинг расмий сайтида мурожаатнома матни билан батафсил танишиб чиқиш мумкин.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_