Корхонанинг бош бухгалтери алмашмоқда: аввалги бош бухгалтер ишларни топшириши, янгиси эса уларни қабул қилиб олиши керак. У ёки бу вазиятда бухгалтерия ҳужжатларини қабул қилиш-топшириш ишларини қандай қилиб тўғри ташкиллаштириш мумкин? Buxgalter.uz тушунтиради:
– Аввалги бош бухгалтер ишдан бўшаётганда ишларни янгисига топшириш тартиб-таомили амалдаги қонун ҳужжатларида аниқ акс эттирилмаган. Шунга қарамай, эҳтимолий салбий оқибатларни камайтириш учун ташкилот бундай тартиб-таомилни йўлга қўйиши керак. Ишдан бўшаш масаласидан бошлаймиз...
Бош бухгалтерни қачон ишдан бўшатиш мумкин?
Бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномаси умумий тусдаги турли асосларга кўра бекор қилиниши мумкин, улар МК 97-моддасида санаб ўтилган. Бироқ фақат айрим тоифадаги ходимларга, шу жумладан бош бухгалтер ёки унинг вазифасини амалга оширувчи ходимга нисбатан қўлланиладиган алоҳида асос ҳам бор: мулкдорнинг алмашиши.
Мазкур нормага мувофиқ корхонанинг янги мулкдори «эски» бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасини унинг розилигисиз бекор қилиши мумкин. Корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб 3 ой мобайнида мазкур асос бўйича ишдан бўшатишга йўл қўйилади. Бунда бош бухгалтернинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди.
Янги мулкдор ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг келгусида бекор қилиниши тўғрисида камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши шарт. Шу тариқа, огоҳлантириш муддатига яна 2 ой қолиши учун мулкдор алмашганидан сўнг дастлабки ой мобайнида бош бухгалтерни ишдан бўшатиш масаласини ҳал қилган маъқул. Буйруқ намунасига қаранг.
Диққат! Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан (корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно), шу жумладан – мулкдорнинг алмашиши муносабати билан ҳам бекор қилишга ҳақли эмас. Бош бухгалтер ҳомиладор аёл бўлса ёки унинг 3 ёшга тўлмаган боласи бор бўлса, уни ушбу асосга кўра ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди.
Мулкдорнинг алмашиши муносабати билан бош бухгалтерни ишдан бўшатиш учун ходимларнинг вакиллик органи розилигини олиш талаб этилмайди. Шу билан бирга МК 92-моддаси 2-қисми қоидаларига кўра ишдан бўшатилаётган ходимга корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиш лозим.
Табиийки, бош бухгалтер, ташкилотнинг исталган бошқа ходими сингари, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга ҳақли, бу борада чекловлар йўқ. Бу ҳолда у ишдан бўшамоқчи бўлган санадан камида 2 ҳафта олдин ўз нияти ҳақида иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириши лозим.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.