Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Президент Шавкат Мирзиёев мулоқотдаги маърузасида бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.
Биринчиси – бу кичик бизнесга янги имкониятлар.
Бу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши қайд этилди.
Тизим кичик бизнесда камида 150 мингта субъектни “оёққа турғизиш”, 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 мингта янги доимий иш ўрни яратишга ёрдам беради.
Иккинчи йўналиш доирасида ўрта бизнесга оид ташаббуслар илгари сурилди.
Саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади.
Учинчи йўналиш янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан киришдан иборат.
Сўнгги тўрт йилда экспортчи корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага кўпайган. Экспорт маҳсулот турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайган.
Ўтган йили “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури бошланган эди. Унинг доирасида 100 та етакчи экспортчи корхонага кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинди.
Дастур жорий йилда ҳам давом эттирилади ва қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади.
Тўртинчи йўналиш – юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш. Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, электр техникаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг жами қиймати 10 млрд долларга тенг бўлиб, 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 млрд долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Ушбу тайёр лойиҳалар тадбиркорларга таклиф қилинди.
Бешинчи йўналиш солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, бюрократияни йўқ қилиш масалаларига қаратилди. Президент бу соҳада коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўпайиб кетгани, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти (tax gap) адолатсиз эканини қайд этди. Шу боис, 1 октябрдан бошлаб, ушбу амалиёт бекор қилиниши белгиланди.
Барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.
Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низоларини кўриш маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Уларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.
Ишбилармонларнинг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади. Барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилиниши айтилди.