2019 йил 15 январдан Германия фуқаролари Ўзбекистонда туристик мақсадларда 30 кун давомида кириш визаларини расмийлаштирмасдан саёҳат қилишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.
Президентнинг 2.12.2016 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4861-сон Фармонига ўзгартиришлар киритилди. 2019 йил 15 январдан ГФР фуқаролари учун Ўзбекистонда туристик мақсадларда 30 кунлик визасиз саёҳат қилиш имконияти яратилди.
Мазкур давлат фуқароларининг туристик фаоллиги бундай қарор қабул қилинишига асос бўлди. 2018 йил 28 декабрь ҳолатига кўра ГФРнинг 1 089 нафар фуқароси E-visa дастури (дастур ҳақида батафсил – бу ерда) ёрдамида Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштирган. Улар дастурдан фойдаланувчи хорижликлар орасида 10-позицияни эгаллади.
Янгиликлар Ўзбекистонга ташриф буюрадиган Германия фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратилишига имкон беради.