Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак не получить доначисление по НДС и налогу на прибыль за легковой автомобиль Ставки сборов за въезд и транзит иностранного автотранспорта на 2025 год Что изменится с 1 января 2025 года в Узбекистане

Хусусий тадбиркор: ходимни ёллаш – фақат шартнома тузиш эмас

25.05.2016

Якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда - ЯТТ) учун ходимларни ёллашга рухсат берилган пайтдан бошлаб қарийб бир йил ўтди. Ҳозир иш берувчи сифатида ЯТТ ва ходимларни ёлловчи юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари деярли тенглашди. Бироқ унчалик эмас.

 

ЯТТ томонидан ишга қабул қилиш амалиёти НҲҲда мустаҳкамланган бўлсада, талай тартибга солинмаган масалалар қолмоқда.

 

 

Қанча ходимни ёллаш мумкин?

 

ЯТТ давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ва банк ҳисобварағи очилган пайтдан бошлаб ходимларни ёллаши мумкин. Бироқ бу уларнинг сони чекланмаганлигини билдирмайди:  қонунчилик билан ходимларнинг йўл қўйиладиган сони белгиланган – иш берувчи фаолиятига боғлиқ ҳолда бир нафардан уч нафаргача.

 

Эслатиб ўтамиз, ЯТТ фақат қонунда рухсат этилган фаолият турлари билан шуғулланинши мумкин1. Агар бир неча фаолият тури амалга оширилаётган бўлса, уларнинг миқдоридан қатъи назар, уч нафардан ортиқ ходимни ёллаш мумкин эмас.

 

Эътибор қаратамиз! Ёлланган ходимлар ЯТТ мақомини олмайди ва, оқибатда, унинг номидан қандайдир ҳужжатларни имзолашга ҳақли эмас.

 

 

Шартнома тузамиз

 

ЯТТ ва ёлланган ходимлар ўртасида вужудга келадиган меҳнат муносабатлари уларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади.

 

Ходим билан тузиладиган меҳнат шартномаси шакли бирхиллаштирилган ва у муддатсиз ҳамда муайян муддатга тузилиши мумкин. Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом муддат ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги кераклигини кўзда тутади. Бу Меҳнат кодексининг 76-моддасига ҳам мувофиқ келади, у ишни бажариш шартлари талаб қилса, муддатли меҳнат шартномаси тузишни кўзда тутади.

 

Шартнома уч нусхада бўлиши керак: иш берувчи учун, у солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ хизматига ва ходим учун.

 

Шартномани ЯТТ муҳри билан тасдиқлаш, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштириш ва меҳнат дафтарчасига қайд киритиш талаб этилмайди. Бироқ унда саволлар вужудга келади: ходимнинг стажи, унинг кейинчалик пенсия таъминоти нима бўлади?

 

Унинг учун шу даврда Пенсия жамғармасига ойига ЭКИҲга нисбатан 50% миқдорида суғурта бадаллари тўланган тақдирда ЯТТдаги иш ходимнинг иш стажига ҳисобланади.

 

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасида у томондан суғурта бадалларини тўлашнинг бутун даври мобайнида сақланади ва юритилади. Жамғарма ходимлари меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни қайд этади ва уларнинг тўғри ва ўз вақтида қайд этилиши юзасидан жавоб беради2.

 

 

Даромад солиғи қандай бўлади?

 

Меҳнат шартномаси бўйича ходимга ҳақ тўлаш даромад солиғига тортилмайди.

 

ЯТТнинг ўзи, Пенсия жамғармасига бадаллардан ташқари ҳар бир ходим учун у амалга ошираётган фаолият бўйича кўзда тутилган, белгиланган ставкага нисбатан 30% миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

 

МУҲИМ! Пенсионер ходимлар ёки I ва II гуруҳ ногиронлари учун суғурта бадали миқдори ЭКИҲга нисбатан 50%ни эмас, балки 25%ни ташкил қилади. Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки ТМЭК маълумотномаси асосида тақдим қилинади.

Ходим-касб-ҳунар коллежи битирувчиси учун у коллежни битирган санадан бошлаб 12 ой мобайнида ЯТТ қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилинади.

 

 

Ўз мажбуриятини суғурта қилиш зарурми?

 

НҲҲда ЯТТ ўз мажбуриятини суғурта қилиш юзасидан аниқ ифодаланган мажбурият йўқ. Ҳаммасидан кўра, бу нисбатан яқинда уларга ходимларни ёллаш имконияти тақдим қилинганлиги билан боғлиқдир. Бироқ “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” Қонун3 ва Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларида иш берувчи (жисмоний шахс) меҳнат шартномаси (контракти) тузилган санадан бошлаб 15 иш кунидан кечикмай меҳнатда шикастланиш, касб касаллиги ёки унинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача шикастланиши муносабати билан ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши шарт.

 

Гарчи биз юридик шахс ташкил этмаган ҳолда5 тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни кўриб чиқар эканмиз, жавобгарликни суғурта қилиш бўйича мажбурият жисмоний шахсдаги каби ЯТТда ҳам ётади. Бироқ бу хулоса норматив-ҳуқуқий мустаҳкамлашни ёки рад этишни талаб қилади.

 

 

Ишлаш вақти

 

ЯТТлар ходимларнинг қонунчилик билан белгиланган меҳнат ҳуқуқларига риоя қилишлари керак. Уларнинг ҳолатини ёмонлашишига олиб келадиган шартлар ҳақиқий эмас ҳисобланади.

 

Демак, ходим учун иш вақтининг муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Ногиронларни ишга қабул қилганда уларга ЯТТлар таъминлаши керак бўлган қўшимча кафолатлар тақдим қилинганлигини инобатга олиш лозим, айнан: меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, кўпи билан 36 соатлик қисқартирилган иш ҳафтаси (МКнинг 115-116-моддалари).

 

 

Дам олиш вақти

 

Иш куни мобайнида ходимга дам олиши ва овқатланиши учун вақт тақдим қилинади, унинг муддати иш берувчи билан келишилган ҳолда белгиланади.

 

Дам олиш кунлари мажбурий тартибда тақдим қилиниши керак.

 

Таътилни ҳам ёддан чиқармаслик керак – унга ҳақ тўланиши ва камида 15 иш кунини ташкил қилиши лозим.

 

 

Кафолатлар

 

Ижтимоий кафолатларни ҳам ёдда тутиш керак. Масалан, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик варақаси) бўйича нафақа тўлаш.

 

ЯТТлар ўз ходимларига хавфсиз меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини, яъни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ва бошқа тадбирларни ўз ичига оладиган меҳнат фаолиятида жараёнида ҳаёт ва саломатликни сақлаш тизимини  таъминлаши шарт.

 

 

Меҳнат муносабатларини бекор қилиш

 

ЯТТлар ходимлар билан меҳнат шартномасини қонунчиликда кўзда тутилган асосларга кўра бекор қилишлари мумкин. Бироқ МКнинг 100-моддасига қўшимча киритиш заруратини алоҳида қайд этишни хоҳлардик. ЯТТ фаолиятининг тугатилиши иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади, бу НҲҲда ўз аксини топган. Тегишинча, мазкур мажбуриятни  ходимлар учун кафолатларнинг бошланиш даражасини камайтирган ҳолда иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асосини кўзда тутувчи моддада акс эттириш лозим, чунки ҳар доим ҳам хусусий тадбиркор иш берувчи-юридик шахс даражасида таъминлашга қодир эмас.

 

 

Иш берувчининг жавобгарлиги

 

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси билан фақат мансабдор шахсларга жарималар кўзда тутилган, шундай экан бу моддани ЯТТга нисбатан қўллаб бўлмайди. Шу асосга кўра ЯТТни вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортиб бўлмайди.

 

Бироқ ЯТТга нисбатан вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлик учун жавобгарликни кўзда тутадиган МЖтКнинг 49-1-моддасини қўллаш мумкин (1 дан 3 ЭКИҲгача жарима).

 

Шунингдек ЯТТни   ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишдан бўйин товлаганлик учун  жавобгарликка тортиш мумкин (2 дан 5 ЭКИҲгача жарима).

 

Жиноят кодексида меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш учун жавобгарлик кўзда тутилган – 148-модда. Бироқ унинг биринчи қисми била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш ёки ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда жавобгарликка тортишни кўзда тутади. Бу эса ЯТТга нисбатан кўзда тутилмаган. Лекин уларга била туриб, ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, ишдан бўшатиш айбини қўйиш мумкин (25 ЭКИҲ миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари).

 

 

Мазкур фаолиятнинг барча хусусиятларини инобатга олиб уни тартибга солиш мақсадида қонун ижодкорлари эътиборини яна ЯТТнинг жавобгарлигига қаратишни хоҳлар эдик.

 

ЯТТлар – меҳнат ҳуқуқий муносабатларининг тўла ҳуқуқли иштирокчиларидир. Қонун билан инобатга олиниши лозим бўлган қатор хусусиятлар кўзда тутилган бўлсада, битта мақолада ёритишнинг имконияти бўлмаган талай тартибга солинмаган масалалар қолмоқда. Ишонамизки, яқин вақтларда қонун ижодкорлари унга ойдинлик киритадилар.

 

Кадрлар бўйича маслаҳатчи” ЭМТ тадбиркорларга ходимлар билан шартнома тузишда хатолар ва меҳнат қонунчилигини бузишни олдини олишда ёрдам беради.

 

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз. 

 

 

______________

1 Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати, Вазирлар Маҳкамасининг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган.

2 Чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом. ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова.

3  16.04.2009йилдаги ЎРҚ-210-сон.

4 ВМнинг 24.06.2009 йилдаги 177-сон қарорига 1-илова.

5  «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» 25.05.2000 йилдаги 69-I-сон Қонуннинг 6-моддаси.