Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzИсходя из какой минимальной ставки уплачивать налоги арендодателю – физическому или юридическому лицу Как отчитаться за год, в котором уплачивали и налог с оборота, и налог на прибыль Льготы по НДС в виде освобождения от уплаты налога на определенный срок

Instagram'дан бизнес йўлида фойдаланиш: асосий талаблар

27.03.2018

Сўнгги йилларда маркетинг соҳасида SMM (Social Media Marketing) — ижтимоий тармоқлардаги маркетинг йўналиши фаол ривожланиб бормоқда. Унга ҳам бозор етакчилари бўлган йирик компаниялар, ҳам кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари эҳтиёж сезади, истеъмолчилар билан муносабат ўрнатишда шу усулдан фаол фойдаланишади.

Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинганидан кейин ҳам давлат идоралари, ҳам хусусий сектор ўз сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига эътиборни кучайтирди.

 

Ижтимоий тармоқларда бизнесни тарғиб этиш усуллари ҳақида аввал ёзган эдик. Айнан Instagram’да буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш хусусида эса бугун суҳбатлашамиз.

 

Йирик бренд учун Instagram’да профиль бўлишининг ўзи камлик қилади, албатта. Аммо кичикроқ бизнес, масалан, гўзаллик салони, либослар, пойабзал, пардоз-андоз маҳсулотлари ёки ўйинчоқлар дўкони соҳиби бўлсангиз, Instagram’да тарғибот олиб бориш айни муддао бўлади: бир нечта тармоқларда маълумотлар бериш учун куч ва вақтингизни сарфлаб ўтиришингизга ҳожат қолмайди. Айниқса, охирги бир неча йил ичида мазкур тармоқ гуркираб ривожланганини инобатга оладиган бўлсак, ундан бизнесни ривожлантириш ва савдо ҳажмини ошириш йўлида фойдаланишни ўрганиш зарар қилмайди.

 

Аккаунт яратиш ва рўйхатдан ўтиш

Компьютердаги ҳар қандай браузер ёрдамида тармоққа кириб, унда рўйхатдан ўтиш мумкин. Ҳар қандай аккаунтни (тижорий ёки шахсий) телефонга, Facebook’даги аккаунт ёки email’га улаш имкони мавжуд.

 

Телефонингиз iPhone бўлса, App Store’дан, андроид телефонлардан эса Google Play’дан «Instagram»ни юклайсиз ва уни ўрнатасиз. Сўнгра рўйхатдан ўтиш зарур. Агар юқори сифатли фотосуратлар билан ишлайдиган бўлсангиз, Instagram’ни компьютерга ўрнатиш шарт. Айниқса, фотосуратчилар, интернет-дўкон соҳиблари учун маҳсулотларни намойиш этишда сифатли фотолардан фойдаланган афзал. Уларнинг ҳажми эса одатда катта бўлади.

 

Рўйхатдан ўтиш жуда осон: instagram.com сайтига кирасиз, электрон манзил, фойдаланувчининг исми ва паролни киритасиз ёки Facebook орқали кириб, шу аккаунтни Instagram’га кўчириб ўтказасиз.

 

Instagram бошқа ижтимоий сервислар билан ҳам интеграциялашади, масалан, ундаги постлар Facebook, Twitter, Одноклассники кабиларда ҳам бўлиши имконияти мавжуд.

 

Аккаунтни шундай тўлдирингки, фойдаланувчилар саҳифангизга кирган заҳоти ким эканингиз ва нима сотаётганингиз ҳақида дастлабки тасаввурга эга бўлишсин. Бунинг учун аккаунтнинг номи, сурат ҳамда профиль таърифини тўғри келтириш зарур.

 

Бу - муҳим. Instagramда профиль номи ҳар доим лотин шрифтида ёзилади.

 

Аватар

Агар шахсий аккаунтингиз бўлса, ўзингизни бренд сифатида тақдим этиш ниятида бўлсангиз, аватарга ўз суратингизни жойлаштиринг. Аммо маҳсулот сотиш ниятида бўлсангиз, унинг фотосини қўйганингиз маъқул. Ёки брендингиз логоси, дўкон бўлса, унинг ташқи ёки ички сурати ҳам бўлади.

 

Номлаш

Профилни номлаш учун компаниянгиз номи ва/ёки фаолиятингиз моҳиятини очиб берувчи сўзлардан фойдаланишингиз мумкин.

 

Компания ёки маҳсулотга ном танлаш ҳақида батафсил бу ерда

 

Профиль таснифида таклиф этаётган маҳсулотингиз/хизмат моҳиятини қисқача очиб беринг. Шунингдек, боғланиш учун телефонлар, манзил, жумладан, сайтингиз манзилини киритинг. Шундай созлангки, фотоларингизни истаган одам кўра олсин.

 

Товарларингиз суратини чоп этинг

Instagram'даги аккаунтни дўкон пештахталаридек безаш талаб этилади. Бунинг учун товарлар фотоларини жойлаб чиқиш керак. Профессионал даражада олинган фотосуратларга пул сарфлашдан оғринманг. Сиз олган суратлар чиройли чиқишига шубҳа йўқ. Аммо профессионалнинг қўли теккан маҳсулот ўзига шунчалик жалб этадики, одамнинг уни дарҳол сотиб олгиси келади.

 

Кўнгилочар суратларни мунтазам бериб боринг

Аудиторияга кайфиятни кўтарадиган ҳазил постлар жуда ёқади. Қувноқ фотолар бизнесингиз билан боғлиқ бўлса, нур устига аъло нур.

 

Фолловерлар

Instagram'дан фойдаланиш самарадорлиги аккаунтингиз фолловерларининг сони билан чамбарчас боғлиқ. Обуначилар сонини ошириш учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

  • Instagram’даги аккаунтни Facebook’даги ҳодисалар бўлими билан боғланг.
  • эълон қилаётган суратларингизга оммабоп хэштеглар қўйинг.
  • бошқа фойдаланувчиларнинг янгиликларига обуна бўлинг, ёққан фотосуратларни таъкидланг ва уларга изоҳлар қолдиринг.

 

Видео имкониятлари

2013 йилнинг ўрталаридан бошлаб Instagram фойдаланувчилари давомийлиги 15 сониядан иборат бўлган видеоларни яратиш ва эълон қилиш имкониятига эга. Instagram’даги видеоларни сайтингизга ҳавола билан жойлаштириш имконияти борлиги ҳам эътибордан четда қолмасин.

 

Танловлар

Ғолиблик учун қимматбаҳо совғалар бериладиган танловлар фойдаланувчиларнинг фаоллигини оширади. Қўшимча обуначилар тўплаш ва аудитория хайрихоҳлигини қўлга киритиш учун ушбу дастакдан унумли фойдалансангиз бўлади. Мураккаб бўлмаган, ҳазиломуз тусдаги шартларга эга танловлар қўл келади. Масалан, энг яхши фотони сиз, мушукчангиз ва тўтиқушингиздан иборат ҳакамлар ҳайъати аниқлашини эълон қилсангиз бўлади.

 

Чегирма ва бонуслар

Facebook'нинг деярли 65% фойдаланувчилари чегирмаларга эга бўлиш учунгина компаниялар саҳифаларига обуна бўлишади. Бонуслар ваъда қилсангиз, Instagram фойдаланувчилари ҳам аккаунтингизга фаолроқ ёзила бошлашади. Фотоларни репост қилиш, изоҳлар қолдириш билан боғлиқ танловларни кўплаб ўйлаб топиш мумкин.

 

Маҳсулот имкониятлари

Товарнинг имкониятларини намойиш этиб, талабни кучайтириш мумкин. Видео ва фото файлларда ишлаб чиқараётган маҳсулотларингизнинг ўзига хосликлари ҳақида сўзлаб беринг.

 

Тарғиботининг самарадорлигини ўлчаш

Аввало, ижтимоий тармоқларда маркетинг самарадорлигининг одатий ўлчовлари: лайклар, изоҳлар, бўлишишлар (репост), компания сайтига ўтишлар сонини кузатиб боринг. Хорижий тилдан яхши хабарингиз бўлса, Curalate ҳамда Blitzmetrics сервисларидан фойдалансангиз бўлади: улар самарадорлик натижаларини ҳисоблаб, жадвалларда тақдим этади.

 

Истеъмолчилар билан мулоқот

Агар товар ишлаб чиқараётган бўлсангиз, товарлар суратини эълон қилишнинг ўзи камлик қилади. Мижозларингиз ундан қандай фойдаланаётгани акс этган суратлар ҳам иш беради. Агар хизматларни реклама қилаётган бўлсангиз, энг яхши ходимларингизни иш устида суратга олиб, сайтга жойлашингиз мумкин.

 

Фойдаланувчиларга уларнинг эътибори Сиз учун нақадар қийматли эканини намойиш этинг. Компаниянингиз фаолияти таъкидланган постлар, изоҳларга лайк босинг, изоҳлар қолдиринг. Ҳам ижобий, ҳам салбий фикр-мулоҳазаларга муносабат билдириш зарур.

 

Ўз мижозларингизга шахсан мурожаат этинг. Масалан, фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган танлов ғолибини эълон қилаётганда, @ белгисидан фойдаланган ҳолда ғолибга шахсан юзланинг.

 

Суратларга хэштеглар

Хэштеглар мақсадли аудиторияга товарларингизни топишга ёрдам беради. Одатда бир фото тагига 4-5 та хэштег ёзган маъқул. Хэштеглардан (#) фаол фойдаланиш саҳифангиз обуначилари сонини ошириш шубҳасиз. Уларнинг ёрдамида фотоларни бир гуруҳга бирлаштириш ва бунинг ёрдамида уларнинг умумий маъносидан бироз четлашиш мумкин.

 

Постлар

Ҳар ойнинг охирида кейинги ойда бериладиган постлар режасини ишлаб чиқинг ва уни бир жадвалга солинг. Бир йўла барча байрамларни ҳам белгиланг ва уларга атаб махсус постлар тайёрлаб қўйинг. Шу саналарга мослаб акция, танловлар ташкил этса ҳам бўлади.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.