Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак не получить доначисление по НДС и налогу на прибыль за легковой автомобиль Ставки сборов за въезд и транзит иностранного автотранспорта на 2025 год Что изменится с 1 января 2025 года в Узбекистане

Кескин чора қўлламанг!

09.04.2019

Читать на русском языке

Ярим йилдан буён ташқи реклама ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмай келаяпти. Илгари амал қилган бозор регуляторлари ўз ваколатларини тугатди, янгилари эса шакллантирилмади. Бозорда фаолият юритиш шартларини, тўлов турлари ва миқдорларини белгиловчи ҳужжат қабул қилинмади. norma.uz мухбири Олег Гаевой реклама агентликлари билан мулоқот қилиб, эшитганларини умумлаштирди.

 

Амалдорлар ушбу соҳада йиғилиб қолган барча муаммоларни бирваракайига ҳал этишни хоҳлайдилар, албатта. Бироқ фақат Тошкентнинг ўзидаги реклама бозорида қарийб 450 та кичик ва ўрта бизнес корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритади, уларнинг тақдирини ҳуқуқий йўл билан ҳал қилиш лозим.

 

Бугунги кунда ташқи реклама – ҳамёнбоп, кичик корхоналар ишлаб чиқарадиган товарлар ва хизматларни илгари суриш, бинобарин, сотиш каналларидан бири. Бундан бохабар бўлган Вазирлар Маҳкамаси соҳани ривожлантириш имконини берадиган, шу билан бирга кўчаларимиз қиёфаси очилишини таъминлайдиган ташқи рекламада ягона ва тушунарли қоидаларни белгилашга қарор қилди.

 

Бугунги кунда айрим кўчалар ва чорраҳалардаги реклама конструкцияларининг сони ва ташқи кўриниши шаҳримиз ҳуснини бузиб турибди. Буни Тошкент реклама ассоциациясидагилар ҳам тан олмоқдалар. Етакчи реклама агентликлари янги конструкциялар ўрнатиш учун рухсатномалар беришни тўхтатиб, мавжудларини хатловдан ўтказиш таклифи билан шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилганлар. Бунда мутахассисларнинг гувоҳлик беришича, уйларнинг олд қисмлари, савдо корхоналари ва автобус бекатларида бетартиб жойлаштирилган ноқонуний реклама расман рухсат берилган реклама конструкциялари сонидан бир неча бор ошади. Реклама ландшафтини «тозалашни» ана шундан бошлаш керак.

 

Бироқ туман ҳокимликлари ташқи реклама субъектлари фаолиятини тартибга солувчи расмий ҳужжатлар чиқишини кутмасдан, жадал «ислоҳотни» бошлаб юбордилар. Улар тадбиркорлардан барча конструкцияларни диод нурли экранларга алмаштиришни талаб қилмоқдалар. Бунда ҳеч қандай олдиндан ўрганиш ўтказилмаяпти, бизнес-режа ҳам, кўп сонли экранларнинг одамлар ва транспортга таъсирига оид санитария нормалари ҳам белгиланмаяпти. Халқаро тажриба, нима учун ривожланган мамлакатларда бундай қилинмаслиги ўрганилмаяпти.  

 

Бунда айрим ҳокимликлар, хусусан Тошкент шаҳридаги Бектемир ва Миробод туманлари ҳокимликлари қонуний ўрнатилган конструкцияларни «кеса» бошладилар. Улар тадбиркорнинг хусусий мулк объекти ҳисобланиши ва Ўзбекистон қонунлари билан қўриқланиши аҳамиятга эга эмас.

 

«Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари», «қонун устуворлиги», «хусусий мулк дахлсизлиги» – буларнинг бари қоғоздаги чиройли сўзлар. Ҳаётда эса: «Ё экран ўрнатасиз, ё конструкциянгизни огоҳлантиришсиз кесиб ташлаймиз. Устимиздан судга шикоят қилишингиз мумкин!»

 

Бундай шароитда тадбиркор нима қилсин? Қонун ҳужжатлари ҳақиқатан ҳам унинг қонуний манфаатлари ва хусусий мулкини ҳимоя қилишига таянмоғи лозим. Прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа давлат ҳокимияти институтлари қонунга риоя этилишини таъминлайдилар. Фақат бундан тўғри фойдалана билиш керак.

 

Реклама конструкцияси – хусусий мулк, у қуйидагилар билан ҳимоя қилинади:

 – «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонун;

– «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун;

– «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун;

– Президентнинг 1.08.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5495-сон Фармонида белгиланган чора-тадбирлар комплекси;

– бир қатор бошқа норматив ҳужжатлар.

 

Бундан келиб чиқадики, ҳеч ким суднинг ҳал қилув қарорисиз реклама конструкциясини демонтаж қилишга ҳақли эмас. Шу сабабли агар шундай қилинаётган бўлса, оқибатларни келтириб чиқарувчи ҳуқуқбузарлик саналади.

 

Хуллас, конструкциянгиз бузилаётган бўлса:

– бунга тааллуқли барча шахсларнинг исмлари, автомобиллар рақамларини қайд этинг;

– уларни фото ёки видеотасвирга туширинг;

– фотосуратларни илова қилган ҳолда иштирокчилар тўғрисидаги мавжуд маълумотлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки судга ариза беринг.

 

Бу ахборотни Савдо-саноат палатасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи вакилга ҳам тақдим этиш ортиқчалик қилмайди.

 

Шу тариқа, айбдорларни фош қилиб, хусусий мулкингиз қийматини ундирибгина қолмай, келгусида шунга ўхшаш ҳолатлар такрорланишининг олдини ҳам олган бўласиз.

 

Реклама индустриясини ислоҳ қилиш зарур. Бироқ буни тизимли, режали, изчил равишда амалга ошириш даркор. Биринчи навбатда шаҳарни ноқонуний жойлаштирилган рекламадан тозалаш лозим. Бу билан маҳаллий ҳокимият органлари жамоат ташкилотлари билан биргаликда шуғулланишлари керак. Шундан кейингина эскирган технологияларни босқичма-босқич режали тартибда янгиларига алмаштириш лозим. Бозор, бизнес эҳтиёжлари ва амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиш зарур.

 

Маҳаллий ҳокимият модернизация жараёнини одат тусига кириб қолган маъмурий босим ўтказиш йўли билан эмас, бозор дастаклари билан рағбатлантириши лозим.