Қонунчилик палатасининг 21 ноябрда ўтказилган мажлисида депутатлар томонидан «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бироқ моддама-модда муҳокамадан сўнг лойиҳа масъул қўмитага қайтарилди.
Қонунчилик палатаси томонидан мазкур қонун лойиҳаси июнь ойида биринчи ўқишда копцептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Қонун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, ҳайвонот дунёсидан оқилона фойдаланиш, давлат назорати такомиллаштирилиши, ов туризмининг ривожлантирилиши ҳамда ов хўжаликлари ҳолатининг яхшиланишига хизмат қилиши лозим.
Депутатлар ҳужжатни муҳокама қилиб бўлгач, унинг иккита нормасини принципиал жиҳатдан маъқулламадилар:
1 – «ов» тушунчаси илмий фаолият ва назорат мақсадларида бир хилда қўлланилади. Парламент аъзоларининг фикрича, бу турли нарсалар бўлиб, уларни бири-биридан фарқлаш лозим. Фанлар академияси Зоология институти лабораторияси мудири Элмурод Шерназаров ушбу фикрни қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига қараганда, илмий мақсадлар учун «ов» тушунчаси тўғри келмайди;
2 – фақат овчилар жамияти бирлашмасига аъзо бўлганлар ов қилишга ҳақлилиги назарда тутилмоқда. Мамлакатимизда 38 мингдан ортиқ овчи бор. Уларнинг барчаси аввал ННТга аъзо бўлиши, кейин эса ов қилиши керак бўлади. Депутатлар «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси учинчи қисмидан ҳавола келтириб, буни инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклаш деб ҳисобладилар. Акс ҳолда овчилар жамияти бирлашмасининг гувоҳномасига эга бўлмаган ҳаваскор балиқ овловчи ёки овчи балиқ тутолмайди ёки ов қила олмайди – бу браконьерлик ҳисобланади.
Шу сабабли қонун лойиҳаси масъул Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига қайтарилди.
Маълумот учун: ҳозир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ов ва балиқ овлаш қоидалари амал қилмоқда, уларга мувофиқ:
а) илмий фаолиятида юридик жиҳатдан айнан тўғри келадиган «ҳайвонларни тутиш» атамаси қўлланилади;
б) ННТга аъзо бўлмаган шахслар учун бирор-бир чекловлар белгиланмаган.