Қонунга кўра меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт. Бу уларни қўллашнинг мажбурий шарти саналади. Аммо қабул қилинган ҳужжатларнинг барчаси ҳам чоп этилавермайди. Мазкур шарҳда нега шундай эканлигига аниқлик киритишга уриниб кўрамиз.
Ушбу шарҳ сарлавҳасига чиқарилган саволга жавоб излашда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат таърифидан келиб чиқиш зарур. Мазкур терминнинг маъносидан қуйидагича тушунча пайдо бўлади.
Агар ҳужжат меъёрий-ҳуқуқий бўлмаса, уни расмий манбаларда эълон қилиш мажбурий эмас
Меъёрий ҳужжатнинг мезонларидан бири унинг умуммажбурий кучидир. Яъни ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини мувофиқлаштирар экан, у сони маълум бўлмаган шахсларга нисбатан амал қилади.
Хаттоки ҳужжат у ёки бу фуқаролар ёки ташкилотлар (гуруҳи)га қаратилган бўлган тақдирда ҳам, уларнинг номи келтирилмайди. Жисмоний шахсларнинг мақоми, ёши ёки жинси, ё бўлмаса, юридик шахсларнинг иқтисодий фаолият тури кўрсатилади. Масалан, қонунчиликда ногирон-фуқаролар ёки тўқимачилик саноати ташкилотлари ва бошқалар учун имтиёзлар кўзда тутилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда қуйидагилар меъёрий-ҳуқуқий характерга эга эмас:
1) ташкилий масалаларни мувофиқлаштирувчи ҳужжатлар. Масалан, Президентнинг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларни тайинлаш ёки вазифасидан озод этиш борасидаги фармон ва қарорлари.
Бу ерга идоралараро комиссияларни тузиш, муассасаларни моддий-техник таъминлаш (бинолар, иншоотлар, автотранспорт воситалари ва бошқаларни топшириш), тантанали тадбирларга ва бошқа ҳодисаларга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги каби ҳужжатларни ҳам қўшиш мумкин;
2) шахсий характердаги ҳужжатлар. Булар ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг турли жабҳаларидаги алоҳида хизматлари учун фуқароларни тақдирлаш тўғрисидаги фармонлар бўлиши мумкин. Улар одатда давлат байрамлари арафасида қабул қилинади ва мукофотланадаётган шахсларнинг фамилияси, исми ва лавозимларини ўз ичига олади.
Давлатимиз раҳбарининг фуқаролик масалалари бўйича фармонлари (Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш, фуқароликдан чиқариш ёки уни йўқотиш) ҳам эълон қилинмайди. Улар аниқ исми келтирилган шахсларга тааллуқли бўлиб, қонунда ёзилган механизмнинг элементи саналанади.
Алоҳида ҳолатларда солиқ ёки божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар аниқ кўрсатилган компанияларга берилади. Баъзида улар чоп этилади, чунки ҳужжатнинг бир қисмини ташкил этган бўлади (масалан, 6.10.2017 йилдаги ПҚ–3314-сон қарорнинг 5-банди; 11.09.2017 йилдаги ПҚ–3263-сон қарорнинг 9-бандига қаранг). Аммо ташкилотларга берилган имтиёзлар ва ташкилий ўзига хосликлардан иборат бўлса, у одатда чоп этилмайди.
Лекин, шунга қарамай, ушбу ҳужжатлар ижро этилиши шарт. Бу тарқатиш механизми орқали бажарилади: ҳужжат «зинапоядан» тепадан пастга қараб “туширилади” ва бевосита ижрочиларгача етиб келади. Яъни, манфаатдор шахслар ҳужжат имзолангани ҳақида айнан шундай усул билан маълумотга эга бўлишади ва, шундан кейин у бўйича зарур чораларни кўришади.
Меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда чоп этилиши шарт
Агар ҳужжат умуммажбурий характерга эга бўлган ҳуқуқий меъёрларни ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган бўлса, у мажбурий тартибда эълон қилинади. ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳужжатнинг матни эълон қилинган ҳисобланмайди. Бунинг учун у расмий нашрлардан бирида чоп этилиши зарур.
Эълон қилинмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат кучга кирмайди. Демакки, у қўлланилиши ҳам мумкин эмас. Бундан ташқари, расман эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч кимни судлаш, жазога тортиш, мол-мулки ёки бошқа ҳуқуқлариан маҳрум қилиш мумкин эмас.
Назарияда ҳаммаси анча оддий ва содда, аммо амалиётга келганда баъзан мураккабликлар туғилади. У ёки бу сабабларга кўра, чоп этилиши зарур бўлган баъзи ҳужатлар, расмий манбаларда умуман берилмайди.
Масалан, Президентнинг 22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660-сон «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинмаган. У олинган квартиралар бўйича ипотека кредитини қоплашгача бўлган муддатда қарздорни мол-мулк солиғини тўлашдан озод этишни ҳам кўзда тутган.
Бундан келиб чиқадики, мазкур имтиёздан фойдаланиб бўлмайди. Тегишли тузатишлар Солиқ кодексига киритилмаган, ўз талабларининг асоси тариқасида қонуний кучга кирмаган ҳужжатни далил қилиб келтириш эса мумкин эмас.
Баъзида ҳужжатлар сезиларли даражада кечикиб эълон қилинади. Масалан, Президентнинг 16.09.2016 йилдаги ПҚ–2595-сон «2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорини олиб кўрайлик. Ҳужжат сентябрь ойининг ўртасида қабул қилинганига қарамай, у йилнинг охирига келиб кучга кирди, афтидан имтиёзлар қўлланилишидан манфаатдор бўлган фармокологик компанияларнинг кўплаб мурожаатларидан кейин шундай бўлган шекилли.
Ҳафта ўртасида қабул қилинган аксарият ҳужжатлар бирлаштирилади, бир тизимга туширилади ва Қонунчилик тўпламида эълон қилинади (расмий манба бўлиб, ҳафтада бир маротаба душанба кунлари эълон қилинади). Барибир ҳужжатга имзо чекилганидан кейин у эълон қилингунга қадар бир неча кун ўтади. Шу вақт интервали орасида юқорида тилга олинган ҳужжатлар «тушиб қолган» кўринади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига расмий манба мақоми берилгач, меъёрий ҳужжатларни эълон қилиш тезкорлиги сезиларли даражада ошди. Ундаги ҳужжатлар Адлия вазирлигига келиб тушганидан кейинги кун ичида чиқмоқда («Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси). Мувофиқ равишда ҳужжат чиқарилиши ва унинг кучга кириши орасидаги вақт тафовути камайиб бормоқда. Бу биз юқорида тилга олиб ўтган муаммолар келгусига юзага келмаслигига умид уйғотмоқда.
Олег Заманов,
экспертимиз.