Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКогда можно не относить на себестоимость продукции амортизацию производственных ОС Почему налоговое ведомство так избирательно признает налоговые льготы Что делать работодателю, если работника привлекают к уголовной ответственности

“Ягона дарча” имкониятлари

15.08.2017

 

“Ягона дарча” марказларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлар фаолиятида учрайдиган сунъий тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларнинг иш бошлашидан тортиб, фаолияти давомида зарур бўладиган хизматларни бир жойда кўрсатиш, уларга янада қулайлик яратишдан иборат эди. Марказ ҳақиқатан ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг уддасидан чиқаяптими? Тадбиркорнинг яқин кўмакчисига айланмоқдами ёки бунинг акси — лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларини қийинлаштирмоқдами? Бекобод тумани “Ягона дарча” маркази раҳбари Убайдулла Турғунбоевич Мирзаев билан бўлган суҳбат ана шу масалалар юзасидан кечди.

 

—   Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори эълон қилинганидан кейин тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тизимида қандай ўзгаришлар рўй берди?

 

—   Аввал Интернет орқали рўйхатдан ўтказишда анча қийинчиликлар мавжуд эди. Сабаби, тадбиркор бизга мурожаат этганидан кейин унинг аризасини кўриб чиқиб, уни сканерлаб, қўлда яна айрим маълумотларни киритиб, яна қайта сканерлагач, тадбиркорга онлайн равишда унинг нусхасини юборар эдик. Аммо ушбу нусха асл ҳужжатсиз ҳеч қаерга ўтмасди. Қисқаси – тадбиркор интернет орқали мурожаат қилган тақдирда ҳам бизга келишга мажбур бўларди...

 

Бундан олдинги тартиб бўйича тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш муддати 2 кун эди. Ҳозир ушбу муддат 30 дақиқадан ошмасдан ҳал этилиши зарур. Аввал ном олиш деган жараён 4 соат вақт олар эди, ҳозирда 3 сонияда маъқул номни танлаб олиш мумкин.

 

Бундан ташқари, аввал таъсис ҳужжатларини тайёрлаётган тадбиркорнинг ўзи ҳужжатларни консалтинг компаниялари билан бирга тайёрлаб келиши керак эди.  Бу эса ўзига яраша харажатларни талаб этарди. Ҳозир юридик корхонани очмоқчи бўлган тадбиркор таъсис ҳужжатларини бизга олиб келиши шарт эмас.

 

Ундан ташқари, муҳр эскизлари деган мажбурий жараён бўлар эди. Унга рухсатнома қилиниб, ягона дарча раҳбари тасдиқлаб берар эди. Шу жараён ҳам бекор қилинди. Ҳозирги кунда тадбиркор шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиши кифоя. Бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди.

 

—   Демак, электрон рўйхатдан ўтиш учун тадбиркор барибир паспортини марказга шахсан олиб келиш керак, шундайми?

 

—   Йўқ, ҳозир электрон рўйхатдан ўтиш учун солиқ инспекциясидан электрон рақамли имзони олган ҳолда birdarcha.uz сайти орқали мурожаат этган тадбиркор гувоҳномани келмасдан олиши мумкин. Бунинг устига айнан Интернет орқали рўйхатдан ўтганлар давлат божининг фақатгина 50 фоизини тўлайди. Бу — идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини ривожлантириш учун ҳукуматимиз томонидан берилган бир имконият.

 

Бундан ташқари, банкларнинг йўриқномасига яқинда киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳатто юридик корхона бўлган тақдирда ҳам муҳр ясатиш ихтиёрий бўлди. Энди юридик корхона ҳам муҳр тайёрлатмасдан ишлаш ҳуқуқига эга.

 

Киритилган ўзгаришларга кўра имзонинг ўзи билан ишлаш мумкин. Тўғри, амалда тадбиркорлар муҳрсиз ишлашига ҳеч ким ҳали ўрганмаган. Буни кўпчилик билмайди ҳам. Энди секин-аста шу тизимга ўтилади. Ҳозирда ЯТТ ҳисоб рақами очмоқчи бўлса, албатта муҳр тайёрлатяпти.

 

—   Бизга тадбиркорлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Марказнинг турли бўлимларида ҳужжатлаштириш жараёнига бўлган талаблар турлича эканлиги юзасидан яқинда бир савол олдик? Қарорлар, баённомалар, таъсис ҳужжатларига қайсидир туман бўлими муҳр бўлиши мажбурий эканини айтиб, тадбиркорни ортига қайтарса, яна қайси бўлимда муҳрсиз ҳужжатлар ҳеч бир эътирозсиз қабул қилинар экан?

 

—    Янги тасдиқланган тизим бўйича таъсис ҳужжатларига муҳр уриш шарт эмас. Марказимиз томонидан тадбиркорларга бериладиган гувоҳномада QR-код бор. Замонавий телефонлардаги сканер дастури орқали унинг ҳақиқийлигини, ҳолатини (тўхтатилганми ёки йўқ) раҳбари кимлиги ва бошқа барча маълумотларни шу код орқали билиш мумкинлиги сабабли ҳозирда муҳр қўйиш шарт эмас.

 

Лекин тизим янгилиги сабабли айрим идораларда таъсис ҳужжатларига муҳр сўрайдиганлар ҳам бор. Энг оддий мисол — давлат нотариал идораларига кредит олиш мақсадида тадбиркор мурожаат этса, устави тикилмагани (нотариал идораларда 1 варақдан ортиқ бўлган ҳужжатлар муҳрланиб, тикилган бўлиши шарт) учун уни муҳрлашни талаб этишади. Ушбу идораларда ҳали ягона база жорий этилмаганлиги сабабли, агар нотариал идора муҳр қўйишни талаб этадиган бўлса, муаммосиз, муҳр қўйиб бераяпмиз. Аммо муҳр қўйиш шарт, деган талаб йўқ.

 

—   Доимий ўқувчиларимиздан келган бир савол — “Ягона дарча” марказига барча ҳужжатларни олиб бордим. Маълумотларни киритган ходим манзил майдонида “1-“А” уй”да “А” ҳарфини тушириб қолдирган экан. Мен барча ҳужжатларни қайтадан тўғрилаб келишимга тўғри келди. Чунки маълумот бутун тизим бўйлаб тарқалиб кетган. Ходимнинг қилган хатоси учун давлат божи ҳам тўладим...”

 

—   Тўғри, агар хато кетган бўлса, ЭКИҲнинг ярим баравари миқдорида тўлов тўлаш керак. Марказ ходими тадбиркордан унга тегишли барча маълумотларни сўрайди. Сўнгра танишиб, чиқиб, тасдиқлаши учун ариза баланкасида чоп этиб, қўлига тутқазади.

 

Ҳар хил вазият бўлади. Оғзаки айтилган сўзларни ходим яхши эшитмаган бўлиши мумкин, ёки техник хато кетгандир.  Шунинг учун тадбиркорнинг ўзи ҳам яхшилаб текшириб, кейин аризага имзо қўйишини маслаҳат берамиз.

 

“Ягона дарча” ходимининг ўзи хато қилган бўлса,  уни бартараф этишга унинг ўзи масъул. Тадбиркор ходим айби билан хато бўлганини айтиб, марказ раҳбарига оғзаки ёки ёзма мурожаат этиши даркор.

 

—    Айтингчи,  “Ягона дарча” марказларининг ҳокимликлардан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши амалиётда нима берди?

 

—    Президентининг 1.02.2017 йилдаги ПҚ-2750-сон қарори билан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилган марказнинг устидан марказлаштирилган бошқарув йўлга қўйилди. Масалан, ҳокимлик тасарруфида икки туманнинг иш юритуви бир-бирига тўғри келмас эди (иш юритиш усули, ҳужжатлаштириш, қабул қилиш тамойиллари ва б.)

 

Шу вақтгача фақат юридик ходимлар ишлаши кераклиги талаби бор эди. Ҳозирда эса иқтисодиёт, молия, банк ахборот технологиялари  соҳасида етарли тажриба ва билимга эга бўлган кадрлар ишлаши мумкин.

 

—   birdarcha.uz сайти яхши ишламаётганлиги, қайта рўйхатдан ўтишнинг эса умуман иложи бўлмаётгани хақида кўплаб мурожаатлар олаяпмиз...

—    Сайтнинг Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан алоқадор жойи бор. Унга oneid.uz ҳимояланган сайти орқали кирилади. Киришда асосан oneid.uz — Ягона идентификация тизимининг ўзида хато келиб чиқаяпти. Сайтнинг ўзида тунда соат 12:00дан 1:00гача, яъни  мурожаат бўлмайдиган вақтларда профилактика ишлари олиб борилмоқда. Юқорида айтганимдек, тизим янги бўлгани сабабли хатоликлар учраб турибди. Муаммолар аста-секин бартараф этиляпти.

 

Қайта рўйхатдан ўтиш эса ҳозирча Интернет орқали йўлга қўйилганича йўқ. Бунинг ўз сабаблари бор. Қайта рўйхатдан ўтишда одатда бир одамнинг мулки бошқасига ўтади. Агар жараён яхшилаб ўрганилмаса, эртага иш судлашувгача бориши мумкин.

 

Шунинг учун ҳозирча ушбу жараённи фақат “ягона дарча” марказига келиб, ходим синчковлик билан текширганидан кейингинага амалга ошириш мумкин.

 

Тизимни ахборотлаштириш ишлари тўлиқ тугалланганидан кейин ушбу жараён ҳам масофадан туриб ҳал этилади.

 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз суҳбатлашди.