Анъанавий Халқаро инвестициявий форум 5–6 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахтида ўтказилади. Тадбир хорижий инвесторларга амалий алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистон бозорида ўсишнинг янги имкониятларини очиш имконини беради.
Тадбирнинг асосий вазифаси – хусусийлаштириш давлат Дастурига киритилган Ўзбекистоннинг етакчи корхоналарини тақдимот қилиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва технологик янгилашни, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилишни, шунингдек корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий қилишни таъминлашга қодир стратегик хорижий инвесторларга реализация қилиш. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитасининг матбуот-хизмати хабар беради.
Хусусан қайд қилинадики, Президентнинг “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 28.04.2015 йилдаги ПҚ-2340-сон Қарори билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг (миллий холдинг компаниялари) улушлари стратегик хорижий инвесторларга сотилиши лозим бўлган 68 акциядорлик жамиятлари рўйхати тасдиқланган.
Форум ишида Ўзбекистон Ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, расмий чет эл делегациялари, чет элнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва банклар, шунингдек халқаро молия институтлари раҳбарлари иштирок этади.
Тадбир дастурида – ялпи мажлислар, йирик хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнесни юритиш тажрибаси тўғрисида чиқишлари, хусусийлаштиришнинг аниқ объектларини тақдимот қилган ҳолда иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўйича секция мажлислари, корхоналарга ташриф буюриш, шунингдек жаҳоннинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хивани зиёрат қилган ҳолда маданий дастур.
Халқаро инвестициявий форум хорижий иштирокчиларга Ўзбекистонда инвестиция объектларини ва амалий ҳамкорларни топиш имконини бериши кутилмоқда.