Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как открыть новому сотруднику ИНПС за несколько минут (инструкция) Какие льготы получат представители туристической отрасли по №УП-87 Как обеспечивать использование ИКПУ с учетом изменений в Каталоге
  • www.norma.uz
  • НҲҲ лойиҳалари
  • 10 минг нафардан ортиқ обуначиси бўлган блогерларга қўшимча мажбуриятлар юклаш режалаштирилмоқда

10 минг нафардан ортиқ обуначиси бўлган блогерларга қўшимча мажбуриятлар юклаш режалаштирилмоқда

14.05.2025

Читать на русском языке

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида "Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинган.

 

Қонун лойиҳасининг тушунчалар аппаратида қуйидаги терминларга таърифлар берилган:

  • блогер – ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятдаги контентни, шу жумладан онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси);
  • ёлғон ахборот – ҳақиқатга мос келмайдиган ёки фактларнинг бузиб кўрсатилишини ўз ичига олган, шахслар, ашёлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида нотўғри таассурот уйғотадиган, ҳар қандай шаклда қайд этилган маълумот;
  • инфлюенсер – онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда 10 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер;
  • контентни тарқатиш – веб-сайт ёки онлайн-платформадан фойдаланган ҳолда контентни муайян фойдаланувчи ёки номуайян доирадаги фойдаланувчиларга жойлаштириш, юбориш, намойиш этишда ифодаланган ҳаракатлар мажмуи; 

 

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида онлайн-платформа ва веб-сайтларда ноқонуний контентни тарқатиш тақиқланади.

 

Агар онлайн-платформа мулкдори ва (ёки) унинг вакили ноқонуний контентни ўчириш, унинг тарқалишини тўхтатиш ёки онлайн-платформа фойдаланувчисининг аккаунти ёки оммавий ҳамжамият фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд қарорларини мунтазам равишда бажармаса, ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида онлайн-платформадан фойдаланиш тезлигини пасайтириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

Инфлюенсер ва веб-сайт эгаси қуйидагиларга мажбур:

  • тарқатиладиган контентнинг ишончлилигини у умумий фойдаланишга очиқ бўлишидан олдин текшириш;
  • шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёки ташкилотларнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборотни ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайтида тарқатмаслик ва тарқатилишига йўл қўймаслик;
  • ноқонуний контентни аниқлаш мақсадида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган ўз аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти, шу жумладан фойдаланувчилар томонидан фикр-мулоҳаза ва изоҳлар қолдириш учун мўлжалланган бўлимларининг мониторингини амалга ошириш ва аниқланган тақдирда уни зудлик билан ўчириш чораларини кўриш;
  • ўз аккаунтида ва (ёки) оммавий ҳамжамиятида ёки веб-сайтида ноқонуний контентнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;
  • жисмоний ва юридик шахслар, давлат органларининг мурожаатлари асосида ёлғон ахборот тарқатилган ҳолларда уни ўчириш ёки дастлаб жойлаштирилган ёлғон ахборот мавжуд бўлган контентга ушбу ахборот ёлғон эканлигини кўрсатувчи махсус ахборот белгисини қўйиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборот тарқатилганлиги факти аниқланган ҳолларда, уларнинг талабига кўра раддия эълон қилиш;
  • мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштириш;
  • прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилмаслик, суд қарори чиқарилмагунча муайян иш натижаларини олдиндан эълон қилмаслик ёки суд қарори қонуний кучга киргунга қадар унга бошқа усуллар орқали таъсир ўтказмаслик;
  • ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти орқали реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаш.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин. 

 

Собир Нурбердиев