Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги 106-сон қарори билан Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
- www.norma.uz
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Уй-жойни сотиш учун маълумотномалар йиғиш зарур эмас
Уй-жойни сотиш учун маълумотномалар йиғиш зарур эмас
06.03.2017
Эслатиб ўтамиз, илгари биз «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиши ҳақида хабар бергандик. Батафсил – бу ерда.
Эндиликда битимни нотариал тасдиқлаш учун ариза берувчи нотариал идорага ЯИДХПда шахсий кабинет орқали электрон аризани бевосита тўлдириш йўли билан мурожаат қилиши мумкин. Уни тўлдиришда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан бошқага ўтказишга тақиқ ва хатлаш мавжудлиги идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текширилади.
Қарздорлик ёки кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги аниқланса, ариза берувчига қарздорлик бартараф этилганидан ёки тақиқ ва хатлаш олиб ташланганидан кейин битимни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида хабар берилади. Ариза берувчининг талабига кўра билдиришнома ёзма шаклда юборилади (топширилади).
Бунда ариза берувчига аниқланган қарздорликни нотариал идорада, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти берилади. Ариза берувчи томонидан амалга оширилган тўловлар тўғрисидаги маълумотлар тезкорлик билан «Нотариус» ААТда акс эттирилади.
Агар қарздорлик мавжуд бўлмаса, электрон аризага ноёб рақам берилади, ариза берувчига эса битимни нотариал тасдиқлаш мумкинлиги, давлат божи миқдори, шунингдек битимни нотариал тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ҳақида хабар берилади. Улар мавжуд бўлса, ариза берувчи электрон аризага ноёб рақам берилган вақтдан бошлаб 24 соат ичида битимни нотариал тасдиқлашни амалга оширишни талаб қилишга ҳақли.
Ариза берувчи аризага ноёб рақам берилган кундан бошлаб 10 календарь кун ичида битимни нотариал тасдиқлаш учун нотариал идорага келадиган кун ва қулай вақтни белгилаган ҳолда нотариус қабулига олдиндан ёзилиши мумкин. Кўрсатилган муддат ўтгандан кейин электрон аризани тўлдириш қайта амалга оширилади.
Битимни нотариал тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- электрон аризанинг ноёб рақами;
- паспорт ёки битим томонларининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
- кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди;
- хусусийлаштирилган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишда — кўчмас мулкни хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг нотариал тасдиқланган розилиги, шунингдек Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидан (Тошкент шаҳрида — «Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» ДУКдан) олинган хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома;
- агар кўчмас мулк биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган бўлса — эрнинг (хотиннинг) нотариал тасдиқланган розилиги;
- агар кўчмас мулкнинг қурилиши тугалланмаган бўлса — маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
- агар кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса — гаровга олувчининг розилиги;
- агар васийликдаги (ҳомийликдаги) шахс номидан васий (ҳомий) шартнома тузса — васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги;
- юридик шахслар учун — юридик шахс ваколатли органининг қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатувчи кенгашнинг қарори, буйруқ ва ҳоказолар);
- давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар, солиқ тўловчининг идентификация рақами, шунингдек доимий пропискага эга шахслар ёки вақтинчалик ҳисобда турувчи (вақтинча прописка қилинган) шахсларнинг паспортига оид маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали мустақил оладилар.
Битим нотариал тасдиқлангандан кейин кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги маълумот ва сотиб олувчи ҳақидаги қуйидаги маълумотлар «Нотариус» АТТ орқали туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига юборилади:
- жисмоний шахснинг шахсий индентификация рақами;
- солиқ тўловчининг идентификация рақами;
- доимий прописка манзили;
- телефон рақами (мавжуд бўлса);
- электрон почта манзили (мавжуд бўлса);
- нотариал ҳаракат амалга оширилган кун ва унинг қайд этилган рақами.
Шу билан бирга ариза берувчи кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилиш имкониятини сақлаб қолади. Бу ҳолда электрон ариза қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов ундирилгандан сўнг ариза берувчининг номидан нотариал идоранинг ходими томонидан тўлдирилади.
Бундан ташқари, ҳужжат билан идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан алмашиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди ҳамда қонун ҳужжатларига уни қарор билан мувофиқлаштиришга қаратилган тузатишлар киритилди (Тошкент шаҳри бўйича 2017 йил 1 июлдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича 2018 йил 1 июлдан кучга киради).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни ва у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.
Публикации по теме:
- Давлат хизматлари марказларида аста-секин ЭРИдан воз кечилмоқда
- Давлат хизматлари учун навбатни масофадан бронлаш мумкин
- Ўқиганлик, иш стажи ва иш ҳақи ҳақидаги архив маълумотномалари – онлайн
- ЯИДХП оптималлаштирилади: нима ўзгаради
- Кириш имтиҳонларига рухсатнома Давлат хизматлари марказларида берилади
- ОТМга ҳужжатлар қандай топширилади
Читайте в свежих номерах
- Необходимо широкое общественное обсуждение
- В соответствии с требованиями Технического регламента
- Календарь налогоплательщика для юридических лиц на декабрь 2024 года
- Методика расчета налога и обязательных взносов с доходов физических лиц за ноябрь 2024 года
- Как растаможить груз, рассчитать и отразить в бухучете таможенные платежи