Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzТри сценария для оборудования, импортированного без НДС: налоговые последствия при продаже, аренде и использовании Что изменится в Узбекистане в декабре 2024 года Какая ответственность наступает за разные виды нарушений Что должны содержать чеки продажи и возврата

Молиявий эркинликнинг 10 шарти

28.03.2017

Инсон яралибдики, ҳеч нарсага тобе бўлмасдан эмин-эркин яшашни истайди. Айниқса, иқтисодий, молиявий қарамликдан қутулиб, беташвиш ҳаёт кечириш илинжида елиб-югуради. Жилла қурса, фарзандларим мевасидан баҳраманд бўлар дея, бутун умрини оиланинг иқтисодий аҳволини яхшилашга бағишлаб юборадиганлар ҳам йўқ эмас.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳақиқий молиявий эркинликнинг ўз ички таркибий қисмлари мавжуд. Ва бу таркибий қисмларнинг ҳаммаси ҳам моддият билан боғлиқ эмас.

1. Номоддий таркибий қисмлар

  • ишонч;
  • пулга нисбатан ижобий ёндашув;
  • ишбилармонларча фикрлаш;
  • аниқ мақсад қўйиш ва пулларнинг ҳақиқий вазифасини англаш.

 

2. Моддий таркибий қисмлар

  • доимий тарзда сармоя киритиш;
  • ҳаракатчанлик;
  • тўғри молиявий “одатлар”;
  • бир нечта даромад манбаи;
  • соғлом турмуш тарзи;
  • муттасил изланиш ва ўрганиш.

 

Ишонч

 

Ишонч – пойдевор. Агар одамда ўзига, қилаётган ишига, муваффақият қозонишига ишончи бўлмаса, бошқа омиллар ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди.

 

Пулга нисбатан ижобий ёндашув

 

Одатда бундай ёндашув бизга болалигимиздан сингади ёки ота-онамиз пулнинг бахт келтирмаслиги, бойлик яхшиликка олиб келмаслигини кўп такрорлашади. Натижада бу нарса онгимизга ўрнашиб қолади. Миямизга ўрнашган “яхшилик олиб келмайдиган пуллар” дастури куртак оча бошайди.

 

Баъзи ҳолатларда шундай ёндашувни кейинчалик ўзимизда “тарбиялаймиз”. Пулимиз йўқлиги, уларнинг етишмовчилигидан нолийверамиз. Ҳаёт эса бизга миямизга ўрнашиб қолган нарсани реалликка айлантиради.

 

Кўпчиликка тааллуқли бўлган ушбу муаммонинг аслида ечими мавжуд. Бу нима бўлган тақдирда ҳам ижобий фикрлашга ўзни ўргатишдир.

 

Ишбилармонларга хос фикр юритиш тарзи

 

Ушбу қисмнинг маъносини қуйидагича изоҳласа бўлади – Сиз пулларни “кўра оласиз”. Уларни қаерда ва қандай қилиб ишлаб топиш мумкинлигини, бунинг учун нималар талаб этилишини бемалол тасаввур қиласиз. Таваккалчиликлардан қўрқмайсиз, масъулиятни ўз бўйнингизга олишга тайёрсиз. Бировга ёлланиб ишламайсиз – ўзингизга ва ўзингиз учун ишлайсиз.

 

Аниқ мақсадлар

 

Мақсад бўлмаса – марра ҳам, юриладиган йўл ҳам бўлмайди. Вақт ўтиши билан мақсадлар ўзгариб туриши — табиий жараён.

 

Мақсадимиз, истагимизнинг аниқ “суратини” чизиб берганимиздан кейин онгимиз ишга тушади. У биз нима хоҳлаётганимизни “тушунгани” боис ёрдамга шошади.

 

Мақсад иложи борича аниқ ва муддатлари белгиланган бўлиши даркор. Агар биз унга фақат пулларни истайман, десак, у бизни тушунмайди. Йўқми, демак, йўқ-да. У нима қилиб бера оларди. Шунчаки пулни мақсад қилиш — нотўғри. Пулни қандай усуллар билан топиш, бунинг учун қайси муддатларда қандай амалларни бажариш — мақсад шу. У сари юрсак, йўл ўз-ўзидан пайдо бўлаверади.

 

Доимий тарзда сармоя киритиш

 

Бунда “ўзингга пул тўла” тамойили иш беради. Пул топдингизми –10-30%ини олиб қўйинг, йиғинг. У ўзингизга киритган инвестиция ролини ўтасин. Бу ишни доимий тарзда амалга оширишингиз керак. Ҳатто сумма унча катта бўлмаган ҳолатларда ҳам. Кейинчалик ушбу суммани олдингизга қўйган мақсад йўлида сарфлаб, уларни кўпайтира оласиз.

 

Ҳаракат

 

Халқимизда ажойиб нақл бор: “Олма пиш, оғзимга туш” ёки “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”. Ният қилдингизми, демак, энди навбат ҳаракатга. Хатолардан қўрқмаслик керак. Хатолар аслида бизнинг дўстимиз. Тўғриликка ўргатади. Дарс оламиз ва бошқа адашмасликка тиришамиз.

 

Дангасалик, омадсизликдан қўрқиш керак – булар олға интилишга ҳалал берувчи омиллар. Улар сабаб бир ерда муаллақ қотамиз.

 

Ўзингизга савол беринг: ҳаракат қилиш учун сизга нима ҳалал бермоқда? Ва, шу сабабни бартараф этишга киришинг.

 

Аслида Сизга ҳаракат қилишингизга тўсқинлик қилувчи сабаблар йўқ. Бор бўлса ҳам, у ботиний, онгингизга, руҳингизга яширинган. Уни бартараф этиш ўз қўлингизда.

 

Тўғри молиявий “одатлар”

 

Тушунарли бўлиши учун бир нечта мисол келтирамиз:

– савдолашиш одати;

– ҳақиқатан ҳам керакли ва зарур бўлган нарсаларни харид қилиш;

– энг аввало, ўзига “пул тўлаш” одати;

– ҳар доим яхши нарсалар ҳақида ўйлаш, позитив бўлиш одати ва бошқалар.

 

Одатларнинг яхши жиҳати — улар автоматлашган бўлади, ўйлашимиз билан ишга тушади.

 

Бир нечта даромад манбаига эга бўлиш 

 

Даромад манбаининг кўп бўлиши ҳар қандай ҳолатда ҳам оёқда тик туришни таъминлайди. Кўпчиликнинг даромад манбаи фақат битта. Бу ёмон эмас, аммо молиявий эркин бўлиш учун етарли деб бўлмайди.

 

Соғлом турмуш тарзи

 

Агар соғлиғингиз бўлмаса, бойлик татимайди. Пул кетидан қувиб, соғлиги ҳақида мутлақо унутиб қўядиганлар атрофимизда йўқ деб айта олмаймиз. Фурсат бой берилгач эса афсусланиб юришади.

 

Доим ўрганиш

 

Изланиш, ўқиб-ўрганишни канда қилмаслик керак. Билим олишдан тўхтамаслик лозим. Ўрганишдан тўхташ – ривожланишсиз бир ерда қотиш дегани. Мутахассисларнинг айтишича, ўқиш – дунёдаги энг даромадбардор сармоя экан!

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_