Вазирлар Маҳкамасининг 10.04.2017 йилдаги 199-сон қарори билан 2017 — 2020 йиллар даврида республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, аввал биз ўқувчиларимизни ушбу ҳужжат лойиҳаси билан таништиргандик, унинг шарҳини ҳавола бўйича ўқиш мумкин.
Ташкил этилаётган марказлар давлат таълим муассасалари ҳисобланади ва бевосита Меҳнат вазирлигига бўйсунади. Уларнинг фаолиятига умумий ўқув-методик раҳбарлик қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига юкланади.
Кўрсатилган марказлар қуйидаги мақсадларда ташкил этилаётир:
- ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган, шу жумладан доимий ишга эга бўлмаган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва касблар бўйича — 1 йилгача бўлган муддатда касб-ҳунарга бепул қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган, иш излаётган шахсларни, шунингдек иш берувчиларнинг буюртманомалари бўйича — ходимларни, ҳар йили ўқишга олинадиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва касб-ҳунарлар бўйича — тўлов асосида қисқа муддатли ўқитишни ташкил этиш.
Ташкил этилаётган марказларнинг раҳбарлари, ўқитувчилари, усталари ва бошқа ходимлари меҳнатига касб-ҳунар коллежларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган базавий тариф ставкалари татбиқ этилади. Бунда ташкил этилаётган марказларнинг ўқитувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларига Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан тўланадиган 40%гача миқдорда доимий устама белгиланди.
Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар жумласидан бўлган ўқувчиларга ташкил этилаётган марказларда бевосита бепул ўқиётган даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида, 6 ойдан кўп бўлмаган муддат мобайнида стипендия тўланади.
Ҳужжат билан Марказларни моддий-техник ривожлантириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди. У ташкил этилаётган марказларнинг пулли, қисқа муддатли курслар ташкил этиш фаолиятидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар ҳисобига шакллантирилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг намунавий тузилмаси;
- ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касб-ҳунарга қайта тайёрланганлиги ва малакасини оширганлиги тўғрисидаги дипломнинг ҳамда қисқа муддатли курсларни ўтаганлиги тўғрисидаги сертификатнинг давлат намуналаридаги шакллари.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.