Президентнинг 18.04.2017 йилдаги тегишли Фармони имзолангани ҳақида ЎзА хабар берди.
Ҳужжат билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (Давсувинспекция) бевосита ўзига ҳисобот берадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияларига эга.
Шу тариқа, мамлакатимизда сув таъминоти ва канализация соҳасидаги давлат назорати органларининг ягона тизими ташкил этилади. Бунда лавозимга тайинлаш ва ундан озод этишнинг қуйидаги тартиби белгиланган:
- “Давсувинспекция” бошлиғи (ўз мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилди) - Вазирлар Маҳкамаси томонидан;
- ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш бўйича ҳудудий инспекциялар раҳбарлари - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига биноан “Давсувинспекция” бошлиғи томонидан.
Давсувинспекция қуйидагиларни назорат қилади:
- ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;
- сув таъминоти ва канализация ташкилотлари томонидан технологик жараённи такомиллаштиришга ва энергияни тежашга йўналтирилган сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг техник аудитдан ўтказилиши;
- сув таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик;
- сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари, сув таъминоти ва канализация тизимидаги бузилишлар ва аварияларнинг профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган нормаларига риоя этилиши;
- мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ерости сувлари қудуқларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари юзасидан давлат назоратини амалга ошириш.
Янги ташкил этилган Давлат инспекцияси алоҳида масалалар юзасидан Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Республика комиссияси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.