Президентнинг 20.04.2017 йилдаги ПҚ-2911-сон қарори билан мамлакатимиз фармацевтика саноатини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари қабул қилинди.
Биринчидан, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришдан олинадиган тушум улуши умумий реализация ҳажмининг камида 60%ини ташкил этадиган шундай буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилотлар 2021 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғи (микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар - ЯСТдан), шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.
Иккинчидан, дори воситаларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган хомашёни импорт қилишда ундириладиган божхона тўлови ва акциз солиғига СК 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёз 1.01.2021 йилгача татбиқ этилади.
Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт қилишда СК 211-моддасининг 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари Рўйхатига тиббиёт буюмлари киритилади, рўйхатнинг ўзи эса ҳар чоракда янгиланади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.