Вазирлар Маҳкамасининг 15.06.2016 йилдаги 206-сон “Янги мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш юзасидан давлат буюртмаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига тузатишлар киритилди. Ўзгартиришлар ва қўшимчалар Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.2017 йилдаги 271-сон қарори билан киритилди.
Эндиликда мева ва сабзавотларнинг давлат харидлари доирасида контрактация шартномалари ҳудудий мева-сабзавот ярмаркаларида тузилади. Халқаро мева-сабзавот ярмаркаларида бундан буён фақат мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан шартномалар имзоланади.
Илгари контрактация шартномалари Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тузилиши белгиланганди.
Ҳудудий мева-сабзавот ярмаркалари ҳар йили ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК, «Ўзвиносаноат-холдинг» ХК, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» АЖ ИТСК билан биргаликда ўтказилади.
Шуниси эътиборлики, эндиликда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи барча ташкилотлар буюртмачи бўлиши мумкин. Илгари – фақат "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзвиносаноат-холдинг" ХКнинг қайта ишлаш корхоналари, "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмасининг тайёрлаш ва сақлаш учун ғамлаш бўйича корхоналари, "Ўзагроэкспорт" АЖнинг ИТСКларининг ташкилотлари- экспорт қилувчилар.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.