Президентнинг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳужжатнинг мақсади - бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш.
Бунинг учун Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди, Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Қуйидагилар янги нормалар бўлди:
- 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги 1 йил ичида 50%га, 2-чи ва 3-чи йил давомида 25%га, бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мустасно бўлган ҳолда, камайтириш;
- ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизимини жорий этиш, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатиш ва меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб бориш;
- 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйиш;
- 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса ўрнатилган тартибда бериладиган лицензия асосида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш;
- микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига, тегишли таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари, ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга (муддатли меҳнат шартномалари) тузишга рухсат бериш;
- туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларини сақлаб туриш харажатларини, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш, натижада Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг бўшайдиган маблағларини ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишга, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чораларни амалга оширишга йўналтириш;
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида иш ташкил этишнинг барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда қайта кўриб чиқиш (реинжиниринг), ишга танлов асосида қабул қилиш, “ягона дарча” тамойилида давлат хизматлари кўрсатиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услубларини қўллаган ҳолда, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида ходимлар меҳнатининг сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг илғор шаклларини жорий этиш.
Идора ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштиради.
Республиканинг тегишли вазирлик ва идораларига Вазирлар Маҳкамасига аҳолининг ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш тизимини ҳамда Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.