Президентнинг 24.05.2017 йилдаги ПҚ-2996-сон “Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унинг матни ЎзА сайтида жойлаштирилган.
Касаначиларга кредитлар берилади
Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан “Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум” МЧЖ 50,0 миллиард сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этилади.
Ушбу ташкилот қуйида келтирилган касаначилик фаолиятини амалга ошириш учун замонавий машина, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмлар ажратади:
- тўқима ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
- галантерея (атторлик) маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
- қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
- мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
- электротехника маҳсулотларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш;
- боғдорчилик ва ободонлаштириш хизматлари.
Заёмлар тақдим этишнинг аниқ тартиби бир ой мобайнида ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши лозим бўлган алоҳида Низом билан белгиланади.
Касаначилар билан буюртма берувчи корхоналар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатишни Консорциумнинг таркибий тузилмалари, шунингдек пойтахтнинг ҳар бир туманидаги филиаллари таъминлайди. Улар касаначилик маҳсулотлари (товарлари ва хизматлари) ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун маркетингни амалга ошириш ва буюртмачиларни топиш вазифаларини бажаради.
Имтиёзлар жорий этилди ва узайтирилди
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун ЖШДС қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланди.
2006 йилнинг февраль ойидан амалда бўлган товарлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш бўйича касаначиларга буюртма берадиган корхоналар учун меҳнат шартномаси асосида уларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда, меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ЯИТни тўлашдан озод қилиш кўринишидаги имтиёз 1.01.2021 йилгача узайтирилди.
Бундан ташқари, Консорциум барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилиб, бўшаётган маблағлар устав жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.