Президентнинг 24.05.2017 йилдаги ПҚ-3004-сон қарори билан Давлат геология қўмитаси тизимида ягона геология хизмати, қўмита тузилмасида эса янги бошқарма ташкил этилди.
Ягона геология хизмати таркибига «Навоий КМК» ДКнинг «Қимматбаҳо металлар ва уран геологияси» ИИЧМ ва «Олмалиқ КМК» АЖнинг «Рангли металлар геологияси» ИИЧМ берилади.
Шунингдек, Давлат геология қўмитаси марказий аппаратида Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурларини амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди (4 бирлик).
Эндиликда минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурлари қимматбаҳо ва рангли металлар ҳамда уранга олиб бориладиган геология-қидирув ишларининг объектлари ва бажариш муддатлари, шунингдек, захиралар ҳажмини кўпайтириш қисмида «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖ билан келишилиши лозим.
Минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдиришнинг йиллик дастурларида кўзда тутилган геология- қидирув ишлари ва геология соҳасини модернизация қилиш чора-тадбирлари:
- Давлат бюджетида геология-қидирув ишлари учун кўзда тутилган бюджет маблағлари;
- «Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖнинг қимматбаҳо ва рангли металлар ҳамда уран захираларини кўпайтиришни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун Молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус мақсадли ҳисоб рақамларига йўналтириладиган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланди.
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб айрим касб-ҳунар коллежларида геология соҳаси эҳтиёжи учун мутахассислар тайёрлаш бошланади.
Шунингдек, Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификаторига киритиладиган зарур йўналишлар ва мутахассисликлар рўйхати белгиланди:
1) Бакалавриат бўйича: геокимё; геология-қидирув ишларининг техника ва технологияси.
2) Магистратура бўйича:
- палеонтология ва стратиграфия; минералогия ва кристаллография; эксперт минералогияси; петрография ва вулканология; литология; гидрогеоэкология;
- Ерни масофадан зондлаш ва ГИС-технологиялар;
- қаттиқ фойдали қазилмаларни қидиришнинг геофизик усуллари;
- геология-қидирув ишларининг техника ва технологияси.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.