Ушбу шарҳда – ФҲДЁ органлари орқали никоҳни бекор қилиш тартиби ҳақида.
- ФҲДЁ органларида никоҳни бекор қилиш (ажрашиш) қуйидаги барча шартлар мавжуд бўлганда амалга оширилади:
- эр ва хотиннинг никоҳни бекор қилишга ўзаро розилиги;
- умумий вояга етмаган болаларнинг мавжуд эмаслиги;
- мулкий низоларнинг мавжуд эмаслиги.
Никоҳни бекор қилишнинг ушбу усулини барча мавжудлари ичида “энг осони” дейиш мумкин.
Бу ҳолатда никоҳни бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш эр-хотиннинг қўшма аризасига асосан улардан бирининг яшаш жойи бўйича ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Амалиётда шундай бўладики, эр-хотиндан бири бирор бир сабабга кўра қўшма ариза бериш учун ФҲДЁ органига кела олмайди. Бу ҳолатда бундай аризани эр-хотин номидан уларнинг бири томонидан берилиши мумкин. Ҳозир бўлмаган эр (хотин)нинг аризадаги имзоси нотариус ёки эр (хотин)нинг яшаш жойи бўйича ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланиши даркор.
Аризада ажрашишга ўзаро розилик, вояга етмаган болаларнинг йўқлиги, шунингдек эр (хотин) никоҳни бекор қилиш кунида ФҲДЁ органига кела олмаса, никоҳни бекор қилишни эр (хотин) ҳозир бўлмаганда рўйхатдан ўтказишга розилиги тасдиқланади.
Бунда ФҲДЁ органлари тегишли органлардан вояга етмаган болаларнинг йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.
Агар эр-хотиндан бири ўзининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтмоқчи бўлса, бу никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги аризада кўрсатилиши керак.
Ҳозирги вақтда амалиётда айрим ФҲДЁ органлари ажрашаётган эр-хотиндан маҳалла қўмитасининг яраштириш комиссияси далолатномасини тақдим этишларини талаб қилмоқда. Бироқ Оила кодексида ҳам, Фуқаролик кодексида ҳам, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида ҳам ФҲДЁ органларига бундай ҳужжатни тақдим этиш кўзда тутилмаган. Ҳақиқатан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига биноан яраштириш комиссияси тузилади. Вазирлар Маҳкамасининг 7.10.2013 йилдаги 274-сон қарори билан Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси тўғрисида намунавий низом тасдиқланган бўлиб, оилавий низоларни кўриб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бирига киради.
Бироқ ФҲДЁ органлари фақат эр-хотинга оилани сақлаб қолиш учун бундай комиссияга мурожаат қилишни тавсия қилишлари мумкин, у ерга мурожаат қилиш ёки мурожаат қилмаслик – эр-хотиннинг шахсий иши.
Никоҳни бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш ФҲДЁ органига ариза берилган кундан эътиборан 3 ой ўтгандан кейин эр-хотин ёки улардан бири ҳозир бўлганда амалга оширилади ва собиқ эр-хотиннинг ҳар бирига никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади. Уч ойлик муддатга ярашиш учун берилган муддат деб қараш мумкин. Бу муддатда эр-хотин вазиятни обдон ўйлаб олишлари ва баҳолашлари мумкин: ҳақиқатан ҳам улар ажрашишмоқчими? Бир томондан, баъзиларга ажрашишни расмийлаштириш 3 ойга чўзилиши ёқмас, айниқса улар биргаликда ҳаёт кечиришни хоҳламасалар. Бошқа томондан – баъзан бу муддат ҳақиқатан ҳам эр-хотинга муносабатларини тиклашга ва хато содир этмасликларига ёрдам беради. Уч ойлик муддат ўтгандан сўнг эр-хотиндан бири ФҲДЁда никоҳни сақлаб қолиш истагини билдириб, ажрашишни хоҳламаслигини изҳор қилса, никоҳни бекор қилиш рад этилади.
Никоҳни бекор қилиш рўйхатдан ўтказилгандан кейин никоҳ тузиш тўғрисидаги гувоҳномага у бекор қилиганлиги тўғрида қайд киритилади. Шундан кейин гувоҳнома ариза берувчиларга қайтарилади.
Ўзаро келишувга кўра никоҳни бекор қилишни рўйхатдан ўтказишда давлат божи ундирилади, унинг миқдори ЭКИҲнинг 150%ини ташкил қилади. Шунингдек, ЭКИҲнинг 15%и миқдорида герб йиғими тўлаш лозим бўлади. Қайд қиламизки, гербли гувоҳномалар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намуна бўйича ҳимояланганлик даражасига эга махсус қоғозларда тайёрланадиган ҳужжат ҳисобланади. Гербли гувоҳномалар бланкаларини тайёрлаш Марказий банк ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат ишлаб-чиқариш бирлашмаси томонидан амалга оширилади.
Ленара Ҳикматова,
экспертимиз.