Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2017 йилдаги 526-сон қарори билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 16.03.2017 йилдаги ПФ-4985-сон фармонига биноан мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари 1.01.2019 йилдан фаолият кўрсатишни бошлайди.
Уларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- тез тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини ошириш;
- республиканинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш;
- тез тиббий ёрдам хизмати сайёр бригадалари фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштириш;
- ИИВ, ФВВ ва «Ўзтрансгаз » АЖнинг тезкор хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
- тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида тезкор статистик ахборот ва ҳисоботларни шакллантириш.
Келаси йилнинг охиригача мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматларининг ташкил этилаётган Миллий географик ахборот тизимига уланиши таъминланиши даркор.
Чора-тадбирлар дастурига асосий уч йўналиш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар киритилган:
- мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив базани шакллантириш;
- моддий-техника базасини шакллантириш;
- ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар.
Дастурни амалга ошириш учун давлат мақсадли жамғармаларидан 15 млрд. сўм ва халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва грантлари ҳисобидан 17 млн. АҚШ доллари ажратилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.