Президентнинг 15.08.2017 йилдаги ПҚ-3211-сон «Олмалиқ КМК» АЖни янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори давлат раҳбарининг сайтида жойлаштирилган.
Ҳужжат билан умумий дастлабки қиймати 420 миллион АҚШ долларига эквивалент бўлган «Ёшлик II» конини ўзлаштириш» инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши маъқулланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- ер остидан қазиб олиш усули билан йилига 2 млн тоннагача рудани қазиб чиқариш ва 2023 йилда лойиҳа қувватига чиқиш;
- автомобиль йўллари, 35/6 кВ бўлган икки занжирли электр узатиш линияси, нимстанциялар, ортиш ва тушириш эстакадалари, компрессор станцияси ва муҳандислик инфратузилмасининг бошқа объектларини қуриш;
- мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш.
Лойиҳани амалга ошириш комбинатнинг ўз маблағлари ва жалб этилган кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилади (қуйидаги жадвалга қаранг).
Кредитор |
Кредитлаш шартлари |
Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси |
– сумма: 350 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда
– муддат: 15 йил, шу жумладан имтиёзли давр - 6 йил
– фоиз ставкаси: йиллик 2%, жумладан, қайта молиялаштирувчи банк маржаси - «Ипотека-банк» АКИБ йиллик 0,25% миқдорида
– мақсадли йўналтириш: кон транспорти ва технологик асбоб-ускуналар, машина, механизмлар, автотранспорт, техника, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни харид қилиш, қурилиш-монтаж, кон-капитал, лойиҳалаш ишларини амалга ошириш учун ихтисослашган хорижий компанияларни жалб этиш |
«Ипотека-банк» АТИБ, «Асака» АТБ (миллий валютада) |
– муддат: 10 йил, шу жумладан имтиёзли давр - 4 йил
– фоиз ставкаси: кредит маблағларини олиш санасидаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича
– мақсадли фойдаланиш: республикамизда ишлаб чиқариладиган кон транспорти ва технологик асбоб-ускуналар, машина, механизмлар, автотранспорт, техника, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни харид қилиш ҳамда мамлакатимиз пудратчилари томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари учун тўловни амалга ошириш
|
Жалб этилаётган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши учун «Олмалиқ КМК» АЖ жавоб беради. Унга лойиҳа доирасида энг яхши таклифларни саралаб олиш асосида ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий дилерлари билан асбоб-ускуналар, транспорт, техника ва ДТ харид қилиш, шунингдек ихтисослаштирилган компанияларни жалб қилиш учун шартномалар тузишга рухсат берилди.
Лойиҳани амалга ошириш даврида қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар амал қилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.