Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарори (рўйхат рақами 1461-1, 2017 йил 3 август) билан Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари директор ўринбосарлари, педагог ва муҳандис-педагогларнинг бўш лавозимларни эгаллаш учун уларни танлов асосида танлаб олиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Белгиланишича, танлов ўтказиш тартиби қуйидаги бўш лавозимларга татбиқ этилади:
- лицей ва коллежларнинг директор ўринбосарлари (илгаригидек);
- коллежларнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари (илгари - лицей ва коллежларнинг педагог ва муҳандис-педагоглари).
Демак, эндиликда барча педагогларга эмас, фақат ўқитувчиларга ва фақат коллежларга татбиқ этилади. Лицейларнинг бўш ўқитувчи лавозимига танлов ўтказиш эса алоҳида Низом (рўйхат рақами 2910, 2017 йил 3 август) билан тартибга солинади. Батафсил - бу ерда.
Эндиликда тегишли лавозим бўшаганидан кейин 10 кун ичида:
- директор ўринбосарлари лавозимига - Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси томонидан ОАВда ва ушбу бошқарма сайтида;
- ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари лавозимига - коллеж томонидан ОАВда ва коллежнинг сайтида (агар мавжуд бўлса) танлов ўтказиш тўғрисида эълон берилади.
Илгари бўш директор ўринбосарлари лавозимига танлов юқоридаги бошқармалар ёки бўйсунувида лицей (коллеж) бўлган идоралар томонидан, педагог лавозимларига - лицей (коллеж) раҳбарияти томонидан ОАВ орқали 1 ой олдин эьлон қилинарди. Яъни ҳозиргидек лавозим бўшаганидан кейин 10 кун ичида эмас, балки танлов ўтказилишидан 1 ой олдин эълон бериларди.
Ҳужжатларни топшириш ва танловни ўтказиш муддатлари белгиланди. Демак, танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар номзодлар томонидан у эьлон қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида тақдим этилади. Танлов эса ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин 15 кун ичида ўтказилади. Илгари ушбу муддатлар белгиланмаган эди.
Ҳужжат 2017 йил 7 августда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.