Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие налоговые последствия влечет проведение корпоративного мероприятия Как учитывать продукты (сырье) и товары в общественном питании Какие документы нужны для выплаты дивидендов физическому лицу

Бизнес-омбудсман тадбиркорларни қандай ҳимоя қилади

31.08.2017

 

29.08.2017 йилдаги ЎРҚ–440-сон «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

 

Қабул қилинган қонуннинг айрим низомлари, хусусан бизнес-омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар, уни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг аппарати фаолиятини ташкил этиш тартибини аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова батафсил ёритиб берган эди. Унинг порталимизга ёзган изоҳлари билан танишишни таклиф этамиз.  

 

Таъкидлаш жоизки, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади.

 

Уларни кўриб чиқишда бизнес-омбудсман ўз ваколатлари доирасида:

  • масалани унинг моҳиятига кўра ҳал қилиши;
  • арз қилувчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиши;
  • шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориши;
  • арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириши;
  • сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

 

Шунингдек, вакилнинг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини бузилишига қарши таъсирининг махсус шакллари ҳам қонунчиликда кўзда тутилган (қуйидаги жадвалга қаранг).

 

Огоҳлантириш 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда эълон қилинади. 

 

Огоҳлантириш тўғрисида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга хабар қилиниши мумкин. 

 

Тақдимнома 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.

 

Тақдимнома кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим. Кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, 15 кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилиниши лозим. 

 

Шикоятларни кўриб чиқиш якунларига доир хулоса

Қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузган  давлат органи ёки бошқа ташкилотга, унинг мансабдор шахсига юборилади.

 

Хулосада қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:

-                   ишнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ёхуд мансабдор шахс томонидан ниҳоясига етказилиши зарурлиги;

-                   давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;

-                   давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарорини асослантириш зарурлиги;

-                   давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қўшимча қарор қабул қилиши кераклиги.

 

 

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари бизнес-омбудсманга унинг фаолиятида кўмаклашиши шарт. У томонидан сўралаётган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмасдан тақдим этилиши керак.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.   

 

 

Олег Заманов,

экспертимиз.