Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унинг матни ЎзАда жойлаштирилган.
Қатор валюта операцияларига рухсат берилди
2017 йил 5 сентябрдан эътиборан:
- Ўзбекистоннинг юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмалар) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олишлари мумкин;
- Ўзбекистоннинг резиденти бўлган жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига эркин сотиши ва конверсион бўлимларида сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш бўйича амалдаги тартибга асосан сотиб олиши ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиши мумкин;
- истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилади;
- мулкчилик шаклидан қатъий назар барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинади;
- чет эл валютасида даромад олувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисобварақларидаги чет эл валютасини нақд кўринишида олиши мумкин.
Чекловлар жорий этилди
Ўзбекистон ҳудудида:
- товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали тўловлар бундан мустасно;
- товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланади;
- давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилади, консуллик йиғимлари бундан мустасно.
Банкларнинг иш тамойиллари белгиланди
Шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:
- хорижий валютада кредитлар бериш ва ундириш шартлари кредит сиёсатидан келиб чиққан ҳолда томонларнинг ўзаро келишувига асосан тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади;
- банкларнинг хорижий валюта олди-сотдиси билан боғлиқ операциялар бўйича таваккалчиликлари тадбиркорлик таваккалчилиги ҳисобланади ҳамда уларни бошқариш тижорат банкининг ваколатига киради;
- хорижий валюта олди-сотдиси бўйича комиссион воситачилик ҳақи миқдори тижорат банки томонидан мустақил белгиланади;
- тижорат банкларига хорижий валютада операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти бекор қилинади. Тижорат банкларининг хорижий валюта билан операциялари банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилади.
Давлат салбий оқибатларни энг паст даражага туширади
Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3082-сонли қарори билан тузилган Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш Республика ва доимий фаолият юритадиган ҳудудий комиссиялари нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш топширилди, шу жумладан, қуйидагилар орқали:
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар учун нарх ва тарифлар асоссиз ошишининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш, уларнинг тақчиллиги ва уларга бўлган ажиотажли талаб юзага келишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни, шунингдек, уларни сотиш жараёнида коррупцияга ва суиистеъмолликка қарши курашиш чораларини кучайтириш;
- ижтимоий аҳамиятга эга асосий товарлар, шу жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана нархларини шакллантириш бўйича белгиланган тартибга риоя этилишини ҳар куни тизимли ўрганиш ва назорат қилишни таъминлаш;
- мамлакатимиз ҳудудий бозорларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларига шароитлар яратиш, шу жумладан, ўзлари ишлаб чиқарган товарларни воситачиларсиз тўғридан-тўғри аҳолига сотиш учун махсус майдончалар ташкил этиш орқали истеъмол товарлари билан тезкор тўлдириш;
- йирик улгуржи импортчи ташкилотлар билан биргаликда импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш. Батафсил – бу ерда).
Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда валюта сиёсатини либераллаштириш оқибатларини юмшатишни назарда тутувчи ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади, уларда қуйидагилар:
- банкларнинг капиталлашув даражаси ва ликвидлилигини таъминлаш орқали уларнинг таваккалчиликларга бардошлилигини ошириш, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда банк таваккалчиликларини баҳолашни такомиллаштириш, тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий қилишни кўзда тутувчи республика банк тизими молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар;
- иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, хорижий кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатишда давлат томонидан молиявий ёрдам бериш, солиққа тортиш механизмлари ва тамойилларини такомиллаштириш, давлат томонидан вақтинча субсидиялар ажратиш, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва тижорат банклари кредитларини реструктуризация қилишга қаратилган иқтисодиётнинг таянч тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари;
- импорт қилинаётган товарлар ва хизматлар ички нархларининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш чора-тадбирлари;
- 2017-2018 йилларда 14 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган оилалар учун белгиланган нафақа олувчилар сонини ўртача 1,5 баробар ва кам таъминланган оилалар учун белгиланган моддий ёрдам олувчилар сонини 2 баробарга ошириш, ишсиз фуқаролар учун аҳоли пунктлари, маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқлар, ирригация тармоқларини тозалаш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, йўл ва кўчаларни таъмирлаш бўйича ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларини ташкил этиш, шунингдек, Давлат бюджети, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, шу жумладан, оилаларнинг алоҳида давлат кўмагига эҳтиёжманд тоифаларига уй-жой таъмирлаш ёки харид қилиш, қорамол, парранда ва энг зарур маиший техника сотиб олишга кўмаклашиш ҳисобига аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш назарда тутилади.
Марказий банк 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мазкур Фармонда белгиланган нормалар таъсирининг таҳлилидан келиб чиқиб, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. Унда:
- ҳавола қилувчи меъёрларни максимал даражада қисқартирган ҳолда, валюта операцияларининг амалиётда учрайдиган барча жиҳатлари;
- Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг барқарорлигини таъминлаш;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқариш;
- республика иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, капитал ҳаракати билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш масалалари кўзда тутилади.
Бу – муҳим! Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютасининг ноқонуний муомаласини ва нақд чет эл валютаси билан ноқонуний операцияларни амалга оширишни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.