Ўзбекистон тадбиркорлари ҳануз бирламчи ҳужжатларни қоғоз кўринишида алмашади. Ҳисобварақ-фактурага муҳр ва имзо қўйиш учун контрагентлар курьерлардан фойдаланади. Иш юритишда бундай амалиётдан қандай халос бўлиш мумкин?
Бутунлай электрон форматга ўтиш учун:
- қонунчилик базаси;
- онлайн-платформалар (электрон дастаклар);
- барча давлат органлари томонидан эътироф этиладиган бугунги амалиёт зарур.
Қонунчилик базаси
“Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига биноан электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади. Бироқ, бундан бухгалтерия ҳисобида фойдаланса бўладими?
“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун асос бўлади. Шунингдек, Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомнинг 2-бандига (рўйхат рақами 1297, 2004 йил 14 январь) мувофиқ корхоналар томонидан амалга оширилаётган барча хўжалик операциялари уларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозим. Ушбу ҳужжатлар улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритиладиган бирламчи ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.
Бирламчи ҳужжатлар ҳам электрон форматга айлантирилиши, ҳам дастлаб унда тузилган бўлиши мумкин. Бунда электрон бирламчи ҳужжатлар қуйидаги мажбурий реквизитларга эга бўлиши керак:1
- электрон рақамли имзо;
- юридик шахс номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи - жисмоний шахснинг Ф.И.О.;
- электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
- тузиш санаси;
- қонун ҳужжатлари ёки электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг келишуви билан белгиланган бошқа реквизитлар.
“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзо айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган такдирда қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эгадир, агар:
- электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланган бўлса;
- ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган пайтда ёки имзолаш пайтини белгиловчи далиллар бўлганда электрон ҳужжат имзоланаётган пайтда калитнинг сертификати амал қилиб турган бўлса;
- электрон рақамли имзодан электрон рақамли имзо калитининг сертификатида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилаётган бўлса.
“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига биноан муҳр билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатга айлантирилган қоғоз ҳужжатнинг мазмуни қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ рўйхатга олиш маркази ваколатли шахсининг ЭРИ билан ёки ЭРИ ёпиқ калити эгасининг ЭРИ билан тасдиқланиши мумкин. Тегишинча, ЭРИни қўллаш корхона муҳрини ўрнини босади.
Демак, электрон шаклда тузилган ва барча реквизитларга эга ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлиши келиб чиқади. Унда корхона ва компанияларга текшириш учун бирламчи ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга нима монелик қилади?
Онлайн-платформа ёки тегишли дастаклар
Электрон ҳужжат айланиши – бу ҳужжатларга электрон шаклда ишлов бериш бўйича жараёнлар тизимидир. Аксарият бухгалтерлик ва кадрларга оид дастурлар электрон ҳужжатларни қонун ҳужжатлари талабларига асосан шакллантиришни “билади”. Мана шу ерда электрон ҳужжат айланиши оператори бўлиб хизмат қилувчи қандайдир воситачи (учинчи шахс) мавжудлиги масаласи туради.
Электрон ҳужжат айланиши операторининг дастурий таъминоти иккита компания ўртасида ҳужжат алмашиш имконини беради, етказиб беришни кафолатлайди, ҳужжатлар форматини, иккала тарафнинг ЭРИ долзарблигини назорат қилади, иккала тараф ҳам фойлана оладиган архив тузади. Оператор давлат ёки хусусий тижорат корхонаси бўлиши мумкин. Бунда ушбу дастакларнинг барча манфаатдор давлат органлари (ДСИ, прокуратура, суд органлари ва ҳ.к.) томонидан эътироф этилиши тўғрисидаги масала туради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ташкилотлар ўртасида электрон ҳужжат айланишини таъминлайдиган битта платформа ишлаяпти. Кўпгина компаниялар ушбу тизим орқали узатилган ҳужжатларнинг ҳуқуқий мақоми эътироф этилишига ишонч ҳосил қилганларида, ундан фойдаланишга рози бўлишарди. Электрон ҳужжат айланишининг давлат дастаги тадбиркорларда кўпроқ ишончга сазовор бўларди.
Электрон ҳужжатнинг бошқа варианти – бу бухгалтерия ҳисоби учун кенг тарқалган дастурлардан фойдаланиш. Мамлакатимиз ишлаб чиқувчилари, жумладан 1UZ, миллий қонунчиликни инобатга оладиган ўз версияларини рўёбга чиқаришган бўларди. Бироқ, барибир ҳуқуқий мақомни эътироф этишга боғлиқ бўлади.
Бугунги амалиёт
Бугунги кунда биз нимага эгамиз? Бу:
- электрон ҳужжат айланишини амалга ошириш учун қонунчилик асоси;
- барча фойдаланиши мумкин бўлган платформани рўёбга чиқаришга уринишлар;
- ўз маҳсулотларини такомиллаштираётган бухгалтерия ҳисоби учун дастурий ускуналар ишлаб чиқувчилар;
- электрон ҳужжат айланишининг қонунийлигини эътироф этаётган давлат органларидан расмий жавоб.
Бироқ бизда амалиёт йўқ, чунки қоғоз ҳужжатлар архивини юритиш учун курьерларни жўнатишда, хатларни кутишда, етказиб бериш хизматлари ва тасодифий етказиб берувчилардан фойдаланишда давом этаяпмиз.
Амалиётнинг мавжуд эмаслиги электрон ҳужжат айланишини амалга ошириш бўйича қонунчилик билан мустаҳкамланган ҳуқуққа қарамай, буни қандай амалга оширишни регламентга соладиган НҲҲ ишлаб чиқилмаганлиги билан боғлиқ.
Хорижий тажрибанинг кўрсатишича, электрон ҳужжат айланишидан оммавий фойдаланиш муддатлар бўйича қабул қилинган НҲҲлардан ортда қолиши мумкин. Масалан, Россия Федерациясида юридик шахслар ўртасида электрон ҳужжатлар билан алмашиш имконияти 2002 йилда “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан пайдо бўлди. Қонунда ЭРИ ва қўлда ўзи қўйган имзо бир хил аҳамиятга эга эканлиги белгиланган, электрон ҳужжатлар алмашинувини тартибга солувчи асосий жиҳатлар ўрнатилган. Бироқ, 2012 йил 23 май кунини электрон ҳужжат айланишига ҳақиқий старт берилган кун деб ҳисоблаш мумкин. Шу куни ФСХнинг ҳисобварақ-фактуралар, қабул қилинган ва тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар китоблари, сотиш ва харид қилиш китобларининг электрон форматларини тасдиқлаган буйруғи кучга кирган.
Солиқ органлари томонидан бериладиган тушунтиришлар ва тавсиялар Ўзбекистонда ушбу жараённи рўёбга чиқаришни жадаллаштиради, деб тахмин қилиш мумкин. Ушбу мавзу бўйича семинарлар текширувчи органлар ходимлари орасида ҳам ўтказилиши керак.
Электрон ҳужжат айланиши бўйича миллий тизимнинг яратилиши ҳам жорий этиш жараёнини жадаллаштирган бўларди. Бирламчи ҳужжатларнинг электрон форматларини тасдиқлаш муз кўчгандан кейин заруратга айланади ва амалга оширилади.
Саодат Алмаева.
1Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомнинг 6-1-бандига (рўйхат рақами 1297, 2004 йил 14 январь) ва “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ.