7.09.2017 йилдаги ЎРҚ-443-сон “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, порталимиз қонун лойиҳаси босқичида ушбу ҳужжатнинг мазмунини ёритиб берган, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш пайтида депутатларнинг у бўйича изоҳларини эълон қилганди.
Қонун ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишни кафолатлайди. Бу эркин излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи дегани.
Маълумот учун: ҳуқуқий ахборот деганда қонуннинг маъносига кўра НҲҲларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, уларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Конституциявий суд қарорларининг, Олий суд Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек суд амалиётини умумлаштириш материаллари тушунилади.
Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт. Хусусан, қуйидагилар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари ҳисобланади:
- НҲҲларнинг матнларини юбориш;
- НҲҲларни расмий эълон қилиш;
- НҲҲларни норасмий эълон қилиш;
- ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш;
- жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш.
Бу – муҳим! Жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтиради. Улар тушунтиришлар берган органлар ва ташкилотларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари учун мажбурий кучга эга.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
наш эксперт.