Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2017 йилдаги 672-сон қарори билан Фарғона вилоятида ишламай турган ва кам қувватли корхоналар, бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки бўлган объектлардан ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Ҳужжат ўз ичига қуйидагиларни олган:
- самарали фойдаланиш учун тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан «нол» харид қийматида сотишга тавсия этилаётган бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари, шунингдек хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушлар рўйхати;
- янги кичик саноат зоналари ташкил этиладиган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари рўйхати.
Эслатиб ўтамиз, илгари худди шундай рўйхатлар Андижон, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри бўйича тасдиқланган эди.
Фарғона вилоятининг туман (шаҳар)лари ҳокимларига «Давлат мулкини ижарага бериш марказлари» ДУК билан биргаликда республика давлат бошқаруви органларига бириктириб берилган туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (хусусийлаштириладиган объектлардан ташқари) тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 1 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Ушбу қарор тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг мурожаатидан сўнг 2 ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларни ижарага бериш таъминланмаган тақдирда қабул қилиниши мумкин.
Фарғона вилояти ҳокимига балансда сақловчилар билан келишган ҳолда фойдаланилмаётган ва бўш турган давлат мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган ёки Президент ва Ҳукуматнинг қарорларига биноан хусусийлаштириладиган объектлардан ташқари) туман (шаҳар)лар ҳокимликларига оператив бошқарувга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.