Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (рўйхат рақами 2771-1, 2017 йил 29 август).
Хусусан, турли маъмурий-ҳудудий бирлик ҳудудида ҳисобга олинадиган солиқ мажбуриятлари бўйича ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олишга тақиқ жорий этилди.
Солиқ органи хулоса тузади, молия бўлими – тасдиқлайди
Энди СКнинг 56- ва 57-моддаларига мувофиқ ортиқча тўланган солиқлар суммаларини қайтариш ёки ҳисобга олиш учун давлат солиқ хизмати органи ахборот тизимида маблағларни қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисида электрон хулоса тайёрлайди ва ЭРИ билан тасдиқлаш орқали «ЎРМВ» АТга электрон тарзда юборади1.
Туман (шаҳар) молия бўлими 1 кун мобайнида уни кўриб чиқиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ хулосада кўрсатилган маблағларни қайтариш ёки ҳисобга олишга эътирозлари бўлмаганида хулосани тасдиқлайди, эътирозлар бўлганида эса, сабабини кўрсатган ҳолда қайтаради.
Туман (шаҳар) молия бўлимлари томонидан «ЎРМВ» АТда тасдиқланган хулосалар тегишли ғазначилик бўлинмалари томонидан хулосада кўрсатилган даромад шахсий ғазна ҳисобварағидан жорий тушумлар ҳисобидан қайтариш ёки ҳисобга олиш учун 1 иш куни муддатида ижрога қабул қилинади.
Маъмурий ва иқтисодий судларнинг жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган давлат божини қайтариш бўйича суд қарори (ажрими, буйруғи) мавжуд бўлганда тегишли ғазначилик бўлинмаларига ваколатли орган томонидан хулоса ўрнига суд қарори тақдим қилинади.
Агар маблағлар етарли бўлмаса
Алоҳида ҳолларда, агар 10 иш куни мобайнида (илгари 30 кун мобайнида) жорий тушумларнинг етишмаслиги ёки мавжуд бўлмаганлиги сабабли қайтариш ёки ҳисобга олиш имконияти бўлмаса, ортиқча тўланган маблағни қайтариш ёки ҳисобга олиш тегишли бюджетнинг шахсий ғазна ҳисобварағидан амалга оширилиши мумкин.
Белгиланган муддат ўтганидан сўнг маблағни қайтариш ёки ҳисобга олиш тўғрисидаги электрон хулосани ижро этиш автоматик тарзда тўхтатилади ва қайтариш ёки ҳисобга олиш бўйича қолдиқ сумма:
- ЭКИҲнинг 10 000 бараваридан юқори бўлган ҳолларда Молия вазирлиги томонидан «ЎРМВ» АТда маъқуллангач;
- ЭКИҲнинг 10 000 бараваридан кам бўлган ҳолларда автоматик тарзда тегишли бюджет маблағларидан (тегишли даромад турини камайтирган ҳолда) қайтариш ёки ҳисобга олиш бўйича тўлов ҳужжати шакллантирилади.
Тўловномани ким тасдиқлайди
Бюджет маблағларидан қайтариш ёки ҳисобга олиш бўйича тўлов ҳужжати маблағлар:
- республика бюджетидан қайтарилиши лозим бўлса — Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан;
- Қорақалпоғистон республика бюджети, вилоят бюджетлари ва пойтахтнинг шаҳар бюджетидан қайтарилиши лозим бўлса — Қорақалпоғистон Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари томонидан;
- туман ва шаҳар бюджетларидан қайтарилиши лозим бўлса — туман ва шаҳар молия бўлимлари томонидан;
- ДМЖ бюджетидан қайтарилиши лозим бўлса — уларни тақсимловчи томонидан бир иш куни муддатида «ЎРМВ» АТда маъқулланади.
Шунингдек, ҳужжатга айрим бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.
1Бюджет тизими бюджетларининг бюджет жараёнларини комплекс автоматлаштириш, шу жумладан, бюджет тизими бюджетларининг ғазначилик ижроси билан боғлиқ бюджет операцияларини акс эттириш учун мўлжалланган ахборот тизими.