Президентнинг 14.09.2017 йилдаги ПҚ-3274-сон қарори билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
Ихтисослаштирилган мактаб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошида очилади. У Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ташкил этилади.
Янги ўқув юртига Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари (Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган) бепул берилади. Бунда коллежнинг 2-3-босқич ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар кўрсатилган манзилда қоладилар.
Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар ХТВ ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади. Ихтисослаштирилган мактабдаги таълим жараёнига ТАТУ ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессор-ўқитувчилари жалб этилади.
Шунингдек, ҳужжат билан “Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари” номли мукофотни таъсис этиш топширилди. У республиканинг мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларига математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов натижаларига кўра берилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.