14.09.2017 йилдаги ЎРҚ-446-сон Қонун билан «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунларга қўшимчалар киритилди. Тузатишлар "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинди.
Давлат бошқаруви органлари энди социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмаси бериши мумкин.
Бунинг учун танлов ўтказилади. ОАВда (жумладан, электрон ОАВда) давлат буюртмачиларининг рўйхати ва фаолиятнинг маблағлар ажратиш режалаштирилаётган йўналишлари олдиндан эълон қилиниши керак.
Тегишинча давлат бошқаруви органлари ҳузурида лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш ва уларни баҳолаш учун жамоатчилик кенгашлари тузилади. Унинг аъзоларининг ярми – ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат.
Танлов ғолиби лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш ва баҳолаш натижаларига кўра аниқланади. Давлат бошқаруви органи ва ғолиб ўртасида шартнома тузилади.
Вазирлар Маҳкамаси қўшимча равишда қуйидаги тартибни белгилайди:
- социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан ННТга ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш;
- жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш;
- танловни ўтказиш шартлари ва тартиби.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.