Президент парламент палаталари, сиёсий партиялар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида, кимнингдир отаси ёки акаси, қариндошлари судланган ёки қамалган, деган важлар билан яхши-яхши кадрлар бошқарувга яқин йўлатилмаганлигини таъкидлаб, кўп йиллардан буён ўз ечимини топмай келаётган жуда муҳим, аниқроқ айтганда, муаммоли бир масалага эътибор қаратди.
Бизнинг назаримизда, ушбу масаланинг муҳим жиҳатларидан бири, авваламбор, олий ўқув юртларини тугаллаб, у ёки бу соҳада, бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви бўладими, бошқа соҳалар бўладими, қайси соҳада бўлса ҳам ишлаб, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшаман деган ёш авлоднинг эртанги ҳаёти, келажаги билан бевосита боғлиқдир. Шунингдек, бу масала кейинги йилларда мамлакатда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан боғлиқ эканлиги сабабли, шу ҳақдаги айрим фикрларимиз билан ўртоқлашиб, судланганлик ҳолатининг ҳуқуқий аҳамияти ва бошқа айрим жиҳатларига тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77-80-моддаларида (кейинги ўринларда - ЖК) судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти, олиб ташланиши, шунингдек, судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатларини ҳисоблаш назарда тутилган. Унга кўра, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.
ЖК судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади, деб белгилаб қўйилган. Демак, ЖКнинг юқоридаги нормасига кўра, шахснинг судланганлик муддати ўтдими ёки судланганлиги олиб ташландими, бу билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.
Хўш, шундай экан, шу вақтга қадар қонунчилигимизда судланганликнинг ҳуқуқий ҳолати ва оқибатлари амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари билан тартибга солиниб, амалиётда қўлланиб келинаётган бўлса-ю, бу соҳада яна қандай муаммолар бўлиши мумкин, деган савол туғилади.
Шу ўринда, бундан бир неча йил аввал бир танишим билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнига тўхталиб ўтмоқчиман. Суҳбатдошимнинг айтишича, у бундан йигирма йиллар аввал савдо-сотиқ қоидаларини бузганлиги учун суд тартибида белгиланган жавобгарликка тортилган. Орадан бир неча йиллар ўтиб, суҳбатдошимнинг олий юридик маълумотга эга ўғли давлат идорасига ишга кириш мақсадида ҳужжатларни топширганда, уни отаси судланган деган важ билан ишга қабул қилиш рад этилган. Шундан сўнг, ушбу масалани қонуний ҳал этилишини сўраб судга ариза билан мурожаат қилган ҳамда суднинг ажримига асосан унинг судланганлиги олиб ташланган. Аммо, шундан кейин ҳам унинг ўғлини, ваҳоланки, қўлида отаси судланмаган деган суднинг ажрими бўлишига қарамасдан, Ички ишлар вазирлиги ахборот марказидан олинган маълумот важ қилиниб, ишга қабул қилиш рад этилган.
Дарҳақиқат, бир шахс бундан йигирма йил аввал, айтайлик, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жазога тортилган, шунингдек, қонун ҳужжатларида судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлиши белгилаб қўйилган бўлса-ю, шунга қарамасдан унинг фарзандини ишга қабул қилиш рад этилса? Юқорида қайд этилган бир танишимнинг мисолидаги ушбу масала амалиётда айрим саволларни келтириб чиқарадики, уларга эътиборингизни қаратишни зарур деб топдик.
Улар қуйидагилардан иборат:
- биринчидан, айтайлик, бир шахс бундан йигирма йил аввал билиб-билмай содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортилган, аммо, бугунги кунда судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан ўша шахс суднинг ажримига асосан судланмаган деб ҳисобланса;
- иккинчидан, ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин маълум бир вақт ўтиши билан унинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлган бўлса;
- учинчидан, муқаддам жавобгарликка тортилган шахснинг бугунги кунда судланмаганлиги тўғрисида суднинг ажрими мавжуд бўлишига қарамасдан, иш берувчининг сўровига кўра ахборот марказидан ўша шахснинг судланганлиги ҳақида тегишли маълумотларни сўраб олиниши ва шунга асосан унинг фарзандини ишга қабул қилиш рад этилиши қанчалик асосли ҳисобланади?
Ваҳоланки, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Шундай экан, бундай ҳолатда қайси ҳужжат кўпроқ устуворликка эга бўлади: суднинг ажримими ёки иш берувчи томонидан сўраб олинган маълумотми?
Якуний фикр ва нуқтаи назар: юқорида қайд этилган масалалар мазкур соҳада мавжуд бўлган амалдаги қонунчиликни, айрим идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларни, авваламбор, инсонпарварлик принципи, шунингдек судланганлик ҳолатини тугатиш, олиб ташлаш, муддатлари ва асосларини қисқартириш, унинг меҳнат муносабатларига таъсири нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши зарур ва кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала ҳисобланади.
Тўлқинбой ТУРСУНОВ,
ҳуқуқшунос.