Вазирлар Маҳкамасининг 12.09.2017 йилдаги 714-сон «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда «ТМЭК» дастурий комплексининг янги версиясини ишлаб чиқади. Техник топшириқни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси тақдим этади. Ишлар АКТни ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Маълумот учун: “ТМЭК” ногиронларни ҳисобга олиш ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиясида ногиронлик бўйича ишларни юритиш бўйича дастурий комплекс Молия вазирлигининг Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан яратилган.
Тизим кейинчалик соғлиқни сақлаш органлари томонидан хизмат кўрсатилиши учун бепул асосда Соғлиқни сақлаш вазирлигига берилади. Унга қадар молия органлари шартнома асосида комплексга хизмат кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, илгари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида бўлган Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари жорий йилнинг март ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилган.
Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири тасдиқланди, эскиси – ўз кучини йўқотган деб топилди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.