Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3295-сон «Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.
Ҳужжат билан жорий этиладиган тартиб қуйидагиларни назарда тутади:
биринчидан, биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб клиринг палаталари (ҲКП) орқали фақат биржалар ва ярмаркаларда рўйхатдан ўтказилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
иккинчидан, биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб клиринг палаталари ҳисобварақларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга оширишни тақиқлаш;
учинчидан, импорт контрактлари бўйича товар-хом ашё биржаси ёки ярмарканинг ҳисоб-китоб клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисобварағига ўтказилган маблағлар фақатгина:
- биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт контрактлари;
- божхона божлари;
- суд харажатлари;
- бевосита биржа контрактларини тузиш ва биржа контрактларини ижро этиш билан боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, транспортировка қилиш ва бошқалар) учун тўловни амалга оширишга ишлатилиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинди ва 29.09.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.