Президентнинг 10.10.2017 йилдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА ҳабар беради.
Ҳужжатда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг (Кенгаш) асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатлари баён этилган. Кенгашнинг, унинг ижро аппаратининг ҳамда ҳудудий бўлинмаларининг тузилмаси маъқулланди.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган НҲҲ лойиҳалари мажбурий тартибда Кенгаш билан келишилади.
Кенгаш раиси лавозими бўйича “Агробанк” АТБ кенгаши таркибига киритилади. Минтақавий кенгашлар раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимларининг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ҳамда мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.
Бундан ташқари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Уларнинг вазифалари белгиланди: консалтинг, воситачилик хизматларини кўрсатиш, кредитларни жалб қилишга кўмаклашиш, ўқув ва амалий курсларни ташкил этиш ва бошқалар.
Барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларида уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича прогноз ҳажмларни белгилаш тартиби жорий этилмоқда.
Ҳар йили 1 февралгача экин майдонлари хатловдан ўтказилади, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратган ҳолда аниқланади.
Бу - муҳим! Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгалари белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдорини тўлайди.
Шунингдек, деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи бекор қилинади.
2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб фермер хўжаликлари томонидан Кенгашга аъзолик бадаллари тўлаш учун ҳар йили пахта хом ашёси харид нархини ўрнатишда 0,8% миқдордаги маблағлар назарда тутилади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.