Президентнинг 29.11.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ҳужжатнинг матни ЎзАда жойлаштирилган.
Ҳужжатга биноан 2018 йил 1 январдан:
- Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси;
- Фан ва технологиялар агентлиги;
- Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳамда унинг Ижро этувчи дирекцияси тугатилади.
Маълумот учун: санаб ўтилган муассасалар Президентнинг 17.02.2017 йилдаги ПҚ-2789-сон “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган (ҳужжат шарҳига қаранг).
Ушбу органларни тугатиш натижасида бўшайдиган штат бирликлари янгидан ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигига ўтказилади. Ҳужжатда вазирликнинг давлат ва жамият қурилишига, иқтисодиёт тармоқларига, қишлоқ хўжалигига, ижтимоий ривожланишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига ва бошқаларга инновацияларни жорий этиш соҳалари бўйича фаолиятининг асосий йўналишлари акс эттирилган.
Бундан ташқари, Фармон билан Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма ҳисобига тугатилаётган Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ўтказилади.
Ҳукуматга “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди. Уларда илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари, шунингдек, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш акс эттирилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида ҚҲТБТ порталида “Илмий ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинган эди. Унинг мазмуни билан ҳавола бўйича танишиш мумкин.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.