Президентнинг 4.05.2018 йилдаги ПҚ–3694-сон қарори билан Халқ банки ва Микрокредитбанк фаолиятига доир ташкилий масалалар тартибга солинди.
Мазкур банкларнинг рентабеллигини таъминлаш мақсадида қуйидагилар назарда тутилди.
Биринчидан, 2018–2019 йилларда Халқ банки устав капитали 1,6 трлн сўмлик, Микрокредитбанкники эса 600 млрд сўмлик суммага оширилади.
Иккинчидан, давлат даромадига ўтказилган «UzPaynet» МЧЖ устав фондидаги 37,5% улуш кейинчалик уни ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказилади. «UzPaynet» МЧЖ ихтиёрий равишда тугатилгандан кейин жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича Халқ банкининг таркибий бўлинмаси тузилади.
Учинчидан, 2023 йил 1 январга қадар Халқ банки ва Микрокредитбанк қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
- барча турдаги солиқлардан, бўшайдиган маблағларни Молия вазирлигининг Халқ банки ва Микрокредитбанк устав капиталидаги давлат улушини кўпайтиришга мақсадли йўналтирган ҳолда;
- тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган банк жиҳозлари ва техникаларини олиб кириш учун божхона тўловларидан (Божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).
Тўртинчидан, Халқ банки ижтимоий тўловлар олувчиларнинг хоҳишига кўра мазкур тўловларни халқаро тўлов тизими базасида миллий валютада амалга ошириш учун халқаро пластик карталарни муомалага чиқаради.
Бешинчидан, аҳолига пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун Халқ банки филиалларига нақд пулни ташиш бўйича бепул хизмат кўрсатилади.
Олтинчидан, бир ой муддатда микромолиявий хизматларнинг фоиз ставкаларини Микрокредитбанкнинг мазкур хизматларни кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритилади.
Бундан ташқари, банкларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди:
- аҳоли, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъат субъектларига чакана банк хизматлари кўрсатиш турлари рўйхатини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш, томорқа ерларидан, айниқса, қишлоқ жойларида самарали фойдаланишни рағбатлантириш;
- филиаллар ва бўлинмаларнинг фаолиятини, харажатлар таркиби ва банк хизматларига тариф сиёсатини оптималлаштириш;
- банк хизматларининг замонавий инновацион ва мижозларга мўлжалланган турларини жорий этиш;
- банк бўлинмаларини аҳолига банк хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилашга қодир малакали, ташаббускор раҳбарлар ва мутахассислар билан янада тўлдириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.