Давлат божхона қўмитасининг қарори (25.06.2018 йилда 2773-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Шу йилнинг 1 июлидан жорий этилаётган асосий ўзгартиришларни қайд этиб ўтамиз.
Биринчидан, декларант божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни тўлдириши ва ўз номидан, ш.ж. Интернет орқали электрон шаклда, реал вақт режимида божхона органларига тақдим этиши мумкин.
Иккинчидан, электрон шаклдаги БЮД тўғри тўлдирилганлигини дастлабки текшириш тартиби белгиланди. Уни ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастлабки мантиқий назорат воситасида амалга оширади.
Камчиликлар аниқланса, тизим реал вақт режимида бу ҳақда декларацияловчи шахсга аниқланган камчиликлар кўрсатилган электрон хабарнома юборади.
Текширув ижобий натижа берса, БЮД онлайн-рўйхатдан ўтказиш йўли билан расмийлаштириш учун қабул қилинади.
Учинчидан, энди БЮД рақами учта (илгари – тўртта) элементдан ташкил топади. Мутахассиснинг малака аттестати берилган йил ва унинг рақами ўрнига декларацияловчи шахснинг СТИРи кўрсатилади.
Тўртинчидан, янги таҳрирда қуйидаги Таснифлагичлар (Йўриқномага иловалар) берилган:
- божхона постлари;
- битим хусусияти;
- преференциялар, имтиёзлар ва божхона тўловларини тўлашнинг бошқа хусусиятлари;
- товарларни олиб ўтиш хусусиятлари;
- БЮДни тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари;
- божхона тўловлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.07.2018 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.