Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2018 йилдаги «Нотариал ҳаракатлар ва ФҲДЁ органлари хизматлари учун тўловларни амалга оширишда интерактив хизматларни жорий этишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 540-сон қарори эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, нотариал хизматлар ва ФҲДЁ органлари хизматлари учун тўловларни амалга оширишда интерактив ахборот-коммуникация воситалари, шу жумладан банкомат, терминал, инфокиоск ва мобиль иловалар жорий қилинади.
Тижорат банклари нотариуслар ва ФҲДЁ органлари ундирадиган ҳамда банкларнинг нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари бинолари ва хоналарида очилган махсус кассалари орқали тушаётган давлат божи тўловлари суммасининг бир фоизи миқдорида мукофот оладилар.
Шунингдек нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари биносида махсус кассалар ва тўлов пунктлари очилганлиги учун тижорат банклари ва тўлов пунктлари агентлик тармоқлари ижара тўлови, коммунал ва эксплуатацион хизматлар тўловларидан озод қилинади, коммунал ва эксплуатацион хизматлар харажатлари кейинчалик адлия органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маблағлари ҳисобига қопланади.
Банкларга қуйидагилар тавсия этилди:
- нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари бинолари ва хоналарида очилган махсус кассалар иш режимини тегишли равишда нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари иш режими билан мувофиқлаштириш, шунингдек уларни банк пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш;
- нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари бинолари ва хоналарида очилган махсус кассаларнинг юқори тезликдаги жаҳон Интернет тармоғига уланишини таъминлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.07.2018 йилдан кучга кирди.