Бухгалтер Луиза Юдова – Norma ПРМнинг масофавий ўқув ресурсларининг фаол фойдаланувчиси. Портал мухбири Олег Гаевойга берган интервьюсида bir.uz ва direktor.uz да ўқиш жараёнида 96 варақли 8 та ва яна битта дафтарнинг ярмига конспект ёзиб борганлигини айтди ва нега бундай қилганини тушунтириб берди.
– Луиза, сизга шунча конспект ёзиш нега керак бўлди, ахир ҳаммаси электрон форматда берилган бўлса, зарурат бўлганда материални қайта кўриб чиқиш мумкин-ку?
– Биринчидан, конспектларимда ишда асқотадиган энг мураккаб, энг муҳим бўлган жиҳатларни қайд этиб бордим. Менга ёзувларимда топиш осонроқ, бу эса керакли маълумот берадиган материални излашни соддалаштиради.
Яна бир муҳим жиҳат. Конспект қилиш менга эслаб қолиш ва англаш мураккаб бўлган материални ўзлаштиришда ёрдам беради. Мен ёзаётганларимни чуқур мулоҳаза қиламан, бу эса материални яхши ўзлаштиришда қўл келади.
Конспектлар ўтилган машғулотларнинг фойдали ва самарали бўлишида ёрдам беради.
– Агар сир бўлмаса, айтингчи, бу ўқув тизимлари ҳақида қаердан билдингиз ва улардан фаол фойдаланишингизнинг сабаби нимада?
– Ресурслар ҳақида Facebook дан билиб олдим. Анча вақт ўтгани учун ёдимдан кўтарилибди, bir.uz ҳақида ҳозир бир нарса дея олмайман. direktor.uz ҳақида эса Азиза Тошхўжаеванинг хабаридан билдим. Бизларга бу янгилик бўлгани учун қизиқиб қолдим ва шуғулланишни бошладим. Уриниб кўрмоқчи бўлдим, билиб олишга интилдим. Бироқ ресурсда рўйхатдан ўтганимдан кейин тез орада касбий ривожланишим учун кераклигини англадим. Охир-оқибат қизиқишларим жиддий ёндашувга айланди.
– Улгуржи компаниялардан бирида бош бухгалтер бўлиб ишлар экансиз, демак, bir.uz мақсадли аудиториясининг вакили ҳисобланасиз. Бироқ шу билан бирга сиз тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини оширишга йўналтирилган direktor.uz курсини ҳам тамомладингиз. Фаолиятингизни ўзгартирмоқчимисиз?
– Гап шундаки, бири иккинчисига халал бермайди, бундан ташқари профессионал ривожланишга имконият яратади. Яхши бухгалтер нафақат бухгалтерия ҳисобини юритишни, ҳисоб-китоб қилишни билиши, балки бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланиши, ваколатли органларга ҳисобот ўз вақтида топширилишини таъминлаши лозим. Малакали бухгалтер раҳбарнинг молиявий масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади. Шундай қилиб, direktor.uz да ўқишим мазкур йўналишда муваффақиятли ишлаш учун зарур билимларни эгаллашимда ёрдам берди.
– Айни пайтда bir.uz ва direktor.uz ресурсларида нималар билан машғулсиз?
– bir.uz да солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими бўйича бош бухгалтер мутахассислигининг синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтдим. Энди 2019 йил 26 январь келишини кутяпман, бу кунга аттестация имтиҳони тайинланган.
Бу гал синовдан ўтиб, аттестат олишимга ишонаман. Бу иккинчи уриниш бўлади. Биринчи галда умумбелгиланган солиқлар бўйича малакам даражасини тасдиқлашга уриниб кўргандим, бироқ учинчи босқич – шаклларни тўлдиришдан ўтолмадим.
direktor.uz да бутун курсдан ўтдим. Қўнғироқ қилганингиз айни муддао бўлди, электрон сертификатни олишим кераклигини ёдга солдингиз. Суҳбатдан кейин албатта сертификатни оламан.
– Аттестация имтиҳонидан ўтишдаги иккинчи уринишда нега мутахассисликни ўзгартиришга қарор қилдингиз?
– Янги йилдан солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтилади. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими ўз мазмун-моҳиятини йўқотиб бормоқда. Умумбелгиланган тизим бўйича билимларни яна бир бор текшириб кўриш зарар қилмайди. ҚҚС борасида анча қийинчиликлар бўлди, уни тушуниб олиш ва ўзлаштириш учун анча ҳаракат қилдим. Буни қанчалик уддалаганимни яна бир мустақил баҳо олиш орқали исботлашни хоҳлардим.