Акфа университети фундаментал, тиббиёт, аниқ ва гуманитар фанлар соҳасида мутахассисларни тайёрлайди. Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2019 йилдаги 130-сон тегишли қарори имзоланди.
Университет – масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти.
Унинг вазифалари сирасида – илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, ходимларнинг, шу жумладан, тиббиёт соҳасида малакасини ошириш, малака амалиётларини ташкил этиш.
Гачон университети (Корея Республикаси) таълим жараёнини ташкил этишда кўмаклашади.
Таълим жараёни тўлов-контракт асосида кундузги шаклда, инглиз тилида, хорижий ҳамкорларнинг ўқув режаларига мувофиқ олиб борилади, диплом Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.
Университетга қуйидагиларни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилди:
- бакалавриат ва магистратурага қабул квоталари – республика меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда;
- абитуриентларни қабул қилиш, шунингдек битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари – хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда.
Ташкил этилган муассаса 2022 йил 1 январгача барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади.
Константин Мосин.