Президентнинг 10.04.2019 йилдаги “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4275-сон қарори қабул қилинди.
ФНҚИЗ устав капиталидаги “Ўзнефтмаҳсулот” АЖнинг 100% улуши “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ устав капиталидаги давлат улушини тегишли равишда ушбу бериладиган улушнинг баланс қиймати суммасига камайтириш ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади.
“РТ Trans Asia Resources” (Индонезия) компанияси, эришилган келишувга мувофиқ, ФНҚИЗни модернизация қилиш ва тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳасини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали амалга оширади. Бунинг учун ФНҚИЗга эгалик қилиш, уни модернизация қилиш ва унинг ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ишлашини таъминлаган ҳолда кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этиш режалаштирилган.
2021 йил 1 апрелга қадар ФНҚИЗ томонидан ўз эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, техника, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, асбоблар, технологик жиҳозлар, приборлар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар ва сарф материаллари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.04.2019 йилдан кучга кирди.
Константин Мосин.