Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЕсли таможенная стоимость импортируемого товара превысила последующую стоимость продажи Какой должна быть национальная сертификация бухгалтеров в Узбекистане Как учесть нематериальные активы, поступившие в качестве вклада в уставный фонд Как выплачивать премию по итогам года

Фармацевтика маҳсулотларини импорт қилиш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилди

12.04.2019

Читать на русском языке


Президентнинг 10.04.2019 йилдаги «2019–2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5707-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат қисман фармацевтика маҳсулотлари импорти ёритилган.

 

Биринчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузади, Вазирлар Маҳкамаси эса тасдиқлайди. Илгари Ҳукумат Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ таклифига кўра Рўйхатга тузатиш киритар эди.

 

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Рўйхатдаги товарларни импорт ҚҚСдан озод қилиш тарзидаги имтиёз татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандига қаранг). Хориждан келтирилган маҳсулот ҚҚС боис Ўзбекистон бозорида қимматлашиб, маҳаллийси билан рақобатлаша олмайди.

 

Бунда аниқлик киритилишича, тайёр маҳсулотлар ҳамда «in bulk» маҳсулотлар – қадоқлаш, ўраш ва маркировкалаш босқичларидан ўтмаган, тўлиқ хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари импорт қилинганда имтиёз амал қилмайди. Бу рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлганда 15.04.2018 йилдан бошлаб «in bulk» маҳсулотлар импорт қилинганда ҚҚС бўйича имтиёзни қўлламаслик механизмига ойдинлик киритади (23.01.2018 йилдаги ПҚ–3489-сон қарорнинг 6-банди иккинчи хатбошисига, шунингдек шарҳга қаранг).

 

Шуни қайд этамизки, ушбу механизм узилишларсиз ишлаши учун импорт ҚҚС солинадиган фармацевтика маҳсулотлари рўйхатига тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларигина кириши керак.

 

Масалан, Ўзбекистонда инъекциялар учун 2 фоизли эритма кўринишида лидокаин ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулот ҚҚС бўйича имтиёз татбиқ этилмайдиган Маҳсулотлар рўйхатига киради (15-банд). Шу билан бирга, «in bulk» шаклидаги ампуладаги худди ўша 2%ли лидокаин маҳаллий ишлаб чиқариш учун хом ашё деб ҳисобланади, у бошқа Рўйхатга (1479 ва 1480-банлар) мувофиқ импорт ҚҚСдан озод қилинган. Бунда чалкашликка йўл қўйилгани кўриниб турибди. Яқин орада рўйхатлар қайта кўриб чиқилмаса, янгилик натижасида «in bulk» лидокаин олиб кирганда ҚҚС тўлашга тўғри келади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган лидокаин хорижий «in bulk» маҳсулотларни ўраш ва маркировкалаш йўли билан чиқарилмаётгани аниқми? Бундай тушунмовчиликлар кўп учрайди. 

 

Шу сабабли Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини маҳаллий ишлаб чиқариш ва дорихона ичида тайёрлашга мўлжалланган, ҚҚСдан озод қилинадиган хом ашё рўйхатини мустақил тасдиқлаш ҳуқуқи берилди. Рўйхат йилда камида 2 марта янгиланади ҳамда Агентлик ва ДБҚ сайтларига жойлаштирилади. Амалдаги рўйхат Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, ТИАИСВ, ДБҚ ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан қабул қилинган.   

 

Иккинчидан, импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирганлик учун йиғим миқдори оширилди. У божхона қийматининг 1,2%ини ташкил этади. Илгари ставка 0,2%, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас эди (Божхона йиғимлари ставкаларига қаранг, ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарорига илова).

 

Учинчидан, 2022 йил 1 январгача технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун «тоза хоналар», сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиниколди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (ш.ж. дорихона ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинди. Бунда тўланмайдиган божхона тўловлари сирасига импорт ҚҚС, акциз солиғи, шунингдек импорт божхона божи киради. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларига ўз эҳтиёжлари учун, шунингдек фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга дорихона ичида дори тайёрлаш учун товарларни имтиёзли олиб киришга рухсат берилди.   

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов.