Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.2019 йилдаги 434-сон қарори билан Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида хабар берди.
Концепциянинг мақсади - ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш, экология соҳасидаги илм-фанни инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда такомиллаштириш.
Ҳужжат билан мактабгача таълим муассасаларида “Эколог болажон” дастурини жорий этиш ва “Экологик йўлакчалар” ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, “Она табиат” мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари ўтказилади.
“Энг яхши экологик тоза мактаб”, “Энг яхши эколог ўқувчи” – мактабларда ўқув жараёни амалиётига кирадиган кўрик танловлар номи. Лицейлар ва коллежлар ўқувчилари учун эса “Экология билимдони” мусобақаси назарда тутилган.
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнидан ташқари ва талабалар турар жойларидаги таълимнинг шакли бўлиб “Эко-клублар” ҳисобланади.
2019 йил декабрга қадар экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид зарур материаллар ва бошқа маълумотлар беришга мўлжалланган “ekologiya.uz” сайтини ишга тушириш режалаштирилмоқда.